Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси: меҳнат эркинлиги ва ҳуқуқлар тенглигининг тўлиқ кафолати – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳар соҳада янгиланиш, имкониятлардан фойдаланиш, айниқса, меҳнат ва меҳнат муносабатларини қонун доирасида амалга оширишни тақозо этади. Шу боис, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида фуқароларни меҳнатга жалб этишнинг янги шакллари ўз ифодасини топди.

Айни кунларда жойларда ушбу кодекснинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинарлар, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятидаги Гулистон Давлат университетида Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари,, олимлар ва соҳа мутахассислар иштирокида ташкил этилган семинарда ҳам янги кодекснинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.

Таъкидланганидек, амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳозирги замон талабларига мос келмайди. Хусусан, пандемия шароитида корхона, ташкилот ва идоралар ходимлари масофадан ишлаш тизимига ўтишига тўғри келди. Аммо бундай вазиятда иш берувчи ёки ишчи ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилувчи ёки тартибга солувчи нормалар мавжуд эмаслиги амалиётда бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексида меҳнат муносабатларига доир қатор янги нормалар акс этди. Ушбу ҳужжатнинг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган.

Мазкур кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади.

Семинарда ушбу ҳужжат соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Бугунги кунда “Мили текстил Сирдарё” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинмоқда.

Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари вилоятдаги учрашувлари чоғида мазкур корхонада ҳам бўлиб, янги кодекснинг мазмун-моҳиятини тушунтирди. Очиқ мулоқотлар чоғида ҳужжатда акс этган янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, амалдаги Кодекснинг фойдаланиш кўлами асосан давлат ташкилотлари ва саноатнинг йирик корхоналарига қаратилган бўлиб, кичик бизнес ва ЯТТда ишлайдиган шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятлари ҳисобга олинмаган.

Шунингдек, айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари акс этмаган. Хусусан, касаначилар, ЯТТда ёлланма асосида ишловчилар, ўриндошлар, вақтинчалик ва мавсумий ишчилар, сменали ишчилар, масофавий ишчилар ҳуқуқ ва манфаатлари белгиланмаган.

Янги кодексда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Тадбирда илгариги Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат 3 та асос мавжуд бўлган бўлса, янги кодексда 19 та асослар келтирилгани, ушбу асосларнинг кенгайиши бизнес юритиш ва жадал суръатларда ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини бериши таъкидланди.

Иқтисодий сабабларга кўра меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бекор қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилгани, ходимнинг пенсия ёшига етгани муносабати билан иш берувчининг ташаббуси кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси чиқариб ташлангани қайд этилди.

Қонунчилик палатаси депутат ва сенаторлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари институти вакиллари мазкур учрашувлар давомида вилоятдаги бир қатор корхоналар, ташкилот ва идоралар, олий таълим муассасаларида ҳам бўлиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг аҳамиятини тушунтирди.

Семинарда иштирокчилар томонидан кўтарилган барча саволларга депутат ва сенаторлар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan