Жиззах вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, олимлар ва соҳа мутахассислар иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги масъуллари, бир қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда янги кодекснинг аҳамияти кенг тушунтирилди.
Таъкидланганидек, меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Шунингдек, истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради. Расмий ва норасмий тармоқда мавсумий иш билан банд бўлганларнинг меҳнат ҳуқуқларини тартибга солишдаги бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этади.
Тадбирда сўз олганлар ушбу ҳужжатнинг мазкур соҳадаги қатор муаммоларни ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Самимий ва очиқ мулоқотлар чоғида иштирокчилар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Ушбу саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Жиззах шаҳридаги “IRUSKON”нинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фирмасида бўлиб ўтган семинар ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
Дастлаб мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, меҳнат муносабатларида бўлаётган ўгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Илмий ходим Баҳтиёр Тошпўлатовнинг таъкидлашича, янги кодексда бир қатор янги нормалар киритилди. Хусусан, масофадан ишлаш тизимига ўтишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, бу борада масофадан ишловчилар меҳнатининг ўзига хос хусусиятлари бўйича алоҳида параграф киритилди.
Сўз олганлар ушбу ҳужжатда меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратига бағишланган алоҳида бўлим ва параграфлар киритилгани ходимларнинг меҳнат хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилишини билдирди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ташкил этилди.