Бухорода меҳнат муносабатлари соҳасига оид қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан семинар ўтказилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида 2022 йил 28 октябрда тасдиқланган Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шунингдек, унинг ижросини таъминлашга бағишланган семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси ходимлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъуллари, мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Семинарда таъкидланганидек, меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси юртимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Гендер тенглик, нейтраллик тамойиллари, имконияти чекланган шахслар, норезидентларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланади. Иш берувчиларнинг меҳнат бозоридаги янги меҳнат турларидан фойдаланиш имконияти яратилади, меҳнат шартномаси турлари кенгайтирилади ва норасмий тармоқларда ишловчиларни легаллаштиришга эришилади.

Кодекснинг янги таҳририда ишга қабул қилиш босқичлари, жумладан, ишга кириш тартиблари белгиланди, даъвогарлар орасидан малакалироқ ишчиларни танлашда иш берувчининг имкониятлари кенгайтирилди, “қайта ишга жойлаштириш” масаласи ҳал этилди. Айрим тоифадаги ходимлар (раҳбарлар, бош бухгалтерлар) учун синов муддати 3 ойдан 6 ойгача узайтирилган. Ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини компенсация қилиниши белгиланди.

Меҳнат Кодексининг мазмун-моҳиятини жойларда ижрочиларга етказиш юзасидан ўтказилаётган бу каби семинарлар мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам давом этмоқда.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan