Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга янги Меҳнат кодексида қандай имтиёзлар берилган? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳужжат
6 ойдан сўнг кучга киради. 1995 йилдан буён амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат.

ЎзА мухбири янги Меҳнат кодекси фуқаролар учун қандай янгиликларни ўз ичига олгани, ундаги ўзгаришлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходими Гулноза Сатторова билан суҳбатлашди.

– Янги Меҳнат кодексини қабул қилиш зарурати нимада?

– Меҳнат қонунчилиги соҳаси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан узвий боғлиқ бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги ўзгаришлар, албатта меҳнат муносабатларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Меҳнат бозори иқтисодиёт, сиёсат ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлардан келиб чиқадиган ўз қонунларини ва талабларини белгилайди. 

Меҳнат кодекси қабул қилингандан буён 26 йилдан зиёд вақт мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар, бозор муносабатларининг жадал ривожланиши натижасида хусусий ва кичик тадбиркорлик соҳаларининг кенг ривожланиши, меҳнат бозорида янги касблар пайдо бўлганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мунтазам равишда фуқаролар бандлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, меҳнат бозорини ривожлантиришга қаратилган  кўплаб чоралар қабул қилинмоқда. 

Бундай шароитда меҳнат қонунчилигини модернизация қилиш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш давр талаби ҳисобланади. Шу жиҳатдан янги Меҳнат кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. 28 октябрда Президент томонидан имзоланди.

Янги Меҳнат кодексига қандай ўзгартиришлар киритилган? 

– Таркибий жиҳатдан янги Меҳнат кодекси 7 та бўлим, 34 боб, 581 моддадан иборат бўлиб, амалдаги кодекснинг ҳажмидан икки баравар катта. Амалдаги Меҳнат кодекси икки қисм,16 боб, 294 моддадан иборат. Бунда амалда бўлган нормалар билан бир қаторда янги, ҳали Ўзбекистонда татбиқ этилмаган моддалар ҳам ўз аксини топган. Уларни фойдали эканлиги ҳақида хулосани, албатта бир қанча вақт ўтгандан кейин билиш мумкин.

Қабул қилинган Меҳнат кодексида иш берувчиларнинг тоифалари янгиланган бўлиб, уларнинг доираси анча кенгайди. Масалан, эндиликда иш берувчи сифатида нафақат ташкилотлар, балки уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ҳам иш берувчи ваколатига эга бўлади. Ундан ташқари жисмоний шахслар ҳам иш берувчилар қаторига расман киритилди. Меҳнат шартномасини тузиш асослари амалдаги кодексда ҳам бор, лекин янги кодексда ҳар бир асосни тушунтирадиган алоҳида модда шаклланган.

Умуман олганда, янги қабул қилинган Меҳнат кодексида бир нечта йирик гуруҳдаги нормалар мужассамланган. Биринчидан, кодексда 26 йиллик амалиётда ўз фойдасини тасдиқлаган нормалар ўз ўрнида қолди.

Булар меҳнат шартномаси, уни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ моддалар, яъни ходимларни ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ва ишдан бўшатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиниши илгаригидек қолган. Лекин юқорида айтиб ўтганимдек, амалдаги нормаларни конкретлаштирувчи моддалар қўшилган. Бунда айрим моддалар инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига зид бўлгани сабабли чиқариб ташланган. Масалан, иш берувчининг ташаббуси билан пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ишдан бўшатиш асоси янги кодекс матнида йўқ. 

Лекин кўплаб янги асослар қўшилган, уларнинг ичида бугунги кунда амалда бўлган Меҳнат кодексининг 97-моддасида кўрсатилган меҳнат шартномасида кўрсатилган асослар сезиларли тарзда кенгайган ва улар асосан айрим хусусиятларга эга бўлган меҳнат муносабатларга тегишлидир. 

Масалан, якка тартибдаги тадбиркор, спорт соҳаси ходимлари, педагог, тиббий соҳада ишлаётганлар, раҳбар ходимларнинг меҳнат шартномаларига тегишли. Эндиликда бундай ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари кодексда кўрсатилган асослардан ташқари меҳнат шартномасида белгиланган асосларга кўра бекор қилиниши батафсил ёритилган. Маълумки, қанча ҳуқуқий тартибга солиш аниқ бўлса, уларни татбиқ этишда мутахассисларга анча енгиллик пайдо бўлди. Демак, илгари умумий тарзда тартибга солинган бўлса ҳам, лекин бўшлиқ бўлиб турган айрим масалаларга бугунги кунда янги Меҳнат кодекси янги нормалар билан жавоб беради. 

Янги Меҳнат кодексида рақамлаштириш  масалалари ўз аксини топган, масалан, меҳнат шартномаларни электрон тузилган ҳолда Ягона меҳнат реестрига киритилиши, шунингдек, электрон меҳнат дафтарчаларни очиш ва юритиш масалалари ҳам атрофлича ёритилган.

– Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга янги Меҳнат кодексида қандай имтиёзлар берилган?

– Янги Меҳнат кодексида ушбу тоифадагифуқароларимиз учун ишга жойлаштиришга оид янги нормалар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунда белгиланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари рўйхатига киритилган фуқаролар, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар, шу жумладан ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ёки ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ёки кўп болали оиладаги ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга (ёшига кўра нафақага чиқишдан 2 йил олдин), жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахслар, одам савдосидан жабрланганларга қўшимча иш жойлари, ихтисослаштирилган ташкилотлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қиладиган ташкилотлар барпо этиш, янги касб ўрганиш учун махсус ўқув дастурларини ташкил этиш, энг муҳими, ташкилотларга ишга жойлаштириш учун минимал иш жойларини белгилаш каби имкониятлар белгиланган. Бундай шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этиш иш берувчини жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Ундан ташқари, Олий таълим муассасасини грант асосида битирувчилари махсус йўлланма орқали ишга жойлашади. Шунингдек, 3 ёшга тўлмаган болани парваришлаётган ходим билан (ёлғиз она, ёки ёлғиз ота), яъни ёлғиз боқувчи бўлса, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиб бўлмайди.

Ногиронлиги бор шахсларни ташкилотнинг минимал иш жойлари ҳисобидан ишга қабул қилиш керак, бунда уларнинг соғлиғига тўғри келмайдиган ишларни таклиф этиш мумкин эмас. Ногиронлиги бор шахслар мунтазам равишда тиббий кўрикдан иш берувчи ҳисобидан ўтказилади. Худди шундай вояга етмаган ходимлар меҳнатига таалуқли янгиликлар бор. Уларнинг иш вақти эндиликда кунлик белгиланади ва ўқиш билан банд бўлган ёки бўлмаганлилига қараб икки соатдан етти соатгача белгиланган. 

– Бу ўзгаришларни амалиётда қўллаш қандай бўлади?

– Албатта киритилган ўзгаришлар кўп. Ҳаммамизга маълум бўлган, бир қарашда осон деб туюладиган моддалар ҳам янгича кўринишда  берилган. Меҳнат кодекси хусусиятлари шундаки, унинг аксарият моддалари бошқа кодекслар ёки қонунларга ўхшаб давлат томонидан тўғридан-тўғри фойдаланиш учун эмас. Масалан, Солиқ кодекси, Ер кодексини оладиган бўлсак, улардаги моддалар аниқ тартибни белгилайди, фуқаролар ва ташкилотлар бу моддаларга риоя қилишга мажбур. Меҳнат муносабатлари эса ходимлар ва иш берувчилар иштирокида ташкил этилиб, тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ.

Масалан, ҳаммага маълум ва машҳур бўлган касаба уюшмалари ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда белгиланган шартларни ишловчининг фойдасига хизмат қиладиган қилиб белгилаши мумкин. Бунга эса иш берувчилар, яъни раҳбарлар билан музокараларни ташкил этиш орқали эришиш мумкин. Бундай музокаралар орқали ҳар қандай ташкилот ўзининг ходимлари учун қулайроқ шароитлар, масалан кўпроқ иш ҳақи, қўшимча дам олиш кунлари, мукофотлаш, меҳнат муҳофазасини кучайтирувчи қоидалар, янада қулай меҳнат шароитларда ишлашни назарда тутадиган махсус ички меҳнат ҳужжатларни тузиш имкониятига эга.

Худди шундай ходимларнинг меҳнат интизомини белгиловчи, ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, аттестация тартибини белгиловчи, хизмат сафарини тартибга солувчи корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари айнан бир корхона учун қабул қилиниши мумкин. Бунинг учун, албатта ҳамма учун намуна сифатида хизмат қиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерацияси кенгаши ва Адлия вазирлиги томонидан  ишлаб чиқилиши кутилмоқда. 

Умуман олганда, турли иш берувчиларда меҳнат шартномаси хусусиятларини эътиборга олган ҳолда бундай шартномаларнинг намунаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Демак, Меҳнат кодекси амалда ишлаб кетиши учун, шу ва шунга ўхшаш яна кўплаб хужжатлар ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши кутилмоқда.

Масалан, ноқулай ва хавфли меҳнат шароитлари ҳисобланадиган ишлар рўйхати, аёллар ва вояга етмаганлар учун максимал оғир юк чегараси, тиббиёт ходимларининг қисқартирилган иш вақти ишлар рўйхати ва ҳоказолар. Буларнинг ҳаммасини мана шу Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар қабул қилиниши кутилмоқда.

Янги Меҳнат кодекси илгари қонун билан тартибга солинмаган тадбиркорлик соҳасида ёлланма меҳнат муносабатларини назарда тутадиган бўлди. Бу соҳаларда ишлаётган меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқларини аниқ белгилаб берди. Бугунги кунда биламизки, аҳолининг катта қисми тадбиркорлар қўлида яширин меҳнат бозорида фаолият юритмоқда. Бунда етарли даражада ойлик иш ҳақи, муносиб меҳнат шароитлари, дам олиш ва таътиллардан воз кечган ҳолда ишлашга мажбур. Шунинг учун, янги Меҳнат кодекси айнан шундай меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда, улар фаолият юритаётган иш жойларини ва иш берувчиларнинг расмий бўлишига хизмат қилади.

 

Нигора Раҳмонова,

ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan