Туркий давлатлар ташкилоти: кеча ва бугун – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

 2022 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида «Туркий давлатлар ташкилоти: кеча ва бугун» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Институт ҳузурида ташкил этилган Илмий экспертлик кенгаши ва «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари ҳамда Институт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари қатнашди.

  Кириш сўзи билан қатнашган Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ўз маърузасида Туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати эканлиги ва бу борада Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳурмат асосидаги ҳамкорлик янгича аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлаб, Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтаётгани, бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғоялари асосида олиб борилаётган Янги Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатининг бир кўриниши эканлиги тўғрисида сўз юритди.

  Шунингдек, тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева мазкур ташкилотга Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши ТДТнинг ўзига хос жиҳатлари, ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлиги хусусида тўхталди. Шу билан бирга, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад ва вазифалари эканлиги ва бу борада Ўзбекистон ўзига ҳос ўрин эгалашини таъкидлади.

 Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова тарихан ТДТ иштирокчи мамлакатлари халқлари бир хил илдизга эга эканлигидан келиб чиққан ҳолда маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш улар учун аҳамиятли эканлигини таъкидлади ва сўзи охирида  «мазкур ташкилотнинг Ўзбекистонда бўладиган саммити аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган саммит Туркий давлатлар ташкилотининг илк йиғилиши сифатида тарихда қолади. Бунгача ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан фаолият юритган» дея алоҳида қайд этиб ўтди.  

 Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов  «Туркий давлатлар ташкилоти ва унга аъзо давлатлар парламентлари» тўплами тақдимоти бўйича қилган маърузасида Туркий Давлатлар Ташкилоти қандай ташкилот эканлиги, унинг асосий функциялари ва ўтган давр мобайнида қандай ижобий натижаларга эришганлиги масалалари, аъзо давлатлар парламентлари учун миллий қонунчиликни ривожлантириш ва яқинлаштириш учун қонун ижодкорлиги фаолиятида намуна сифатида ўрганиб чиқилишини билдириб ўтди.

  ТДТ савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, туризм, маданий-гуманитар алмашинувлар каби долзарб йўналишларда амалий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали минтақавий тузилма ҳисобланди. Шунинг учун ушбу ташкилотга аъзо барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш қўшни мамлакатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

 Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев эса ўз маърузасида Ўзбекистоннинг Туркий маданият халқаро ташкилоти доирасидаги ҳамкорлиги ва истиқболли лойиҳалар ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ялпи мажлисда кўриб чиқилиши ва унинг шартлари тўғрисида сўз юритди.

  Анжуман иштирокчилари ва экспертлар томонидан Институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўплам нафақат миллий парламентимиз аъзолари, балки парламент ҳуқуқи бўйича илмий изланувчилар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун муҳим амалий қўлланма бўлиши таъкидланиб, тўпламни бошқа хорижий тилларга таржима қилиш ва туркий тилли мамлакатларга юбориш хусусида таклифлар билдирилди.

  Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan