2022 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида «Туркий давлатлар ташкилоти: кеча ва бугун» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Институт ҳузурида ташкил этилган Илмий экспертлик кенгаши ва «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари ҳамда Институт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари қатнашди.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова тарихан ТДТ иштирокчи мамлакатлари халқлари бир хил илдизга эга эканлигидан келиб чиққан ҳолда маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш улар учун аҳамиятли эканлигини таъкидлади ва сўзи охирида «мазкур ташкилотнинг Ўзбекистонда бўладиган саммити аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган саммит Туркий давлатлар ташкилотининг илк йиғилиши сифатида тарихда қолади. Бунгача ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан фаолият юритган» дея алоҳида қайд этиб ўтди.
ТДТ савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, туризм, маданий-гуманитар алмашинувлар каби долзарб йўналишларда амалий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашувчи самарали минтақавий тузилма ҳисобланди. Шунинг учун ушбу ташкилотга аъзо барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш қўшни мамлакатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Анжуман иштирокчилари ва экспертлар томонидан Институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўплам нафақат миллий парламентимиз аъзолари, балки парламент ҳуқуқи бўйича илмий изланувчилар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун муҳим амалий қўлланма бўлиши таъкидланиб, тўпламни бошқа хорижий тилларга таржима қилиш ва туркий тилли мамлакатларга юбориш хусусида таклифлар билдирилди.
Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
www.senat.uz