Меҳнат кодекси билан ижтимоий шериклик иштирокчиларининг мажбуриятлари ва ваколатлари белгиланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқолтлари институтининг илмий ходимлари янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида юртимиз бўйлаб тарғибот-тушунтириш тадбирлари, семинарлар ўтказишмоқда.

Мана шундай семинар Тошкент шаҳрида ҳам ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов иштирок этди ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси аҳамияти ҳақида маълумотлар берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Меҳнат қонунчилигининг асосий йўналишлари белгиланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагига нисбатан 2,5 баравар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган.

Унда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар ўз аксини топган.

Шунингдек, ижтимоий шериклик иштирокчиларининг мажбуриятлари ва ваколатлари, уларнинг жамоавий музокаралар олиб бориш тартиби белгилаб берилди. Даъвогарлар орасидан малакалироқ ишчиларни танлашда иш берувчининг имкониятлари кенгайтирилди. “Қайта ишга жойлаштириш” масаласи ҳал этилди. Қолаверса, ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини компенсация қилиниши белгиланди

Бундан ташқари, битта ташкилотда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилмоқда. Иш берувчи томонидан хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш тартибга солинмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий тушунчалари ва механизмларига (“меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори”, “иш ҳақи таркиби”, “иш ҳақи тизимлари”, “рағбатлантириш ва компенсация тўловлари”, “туман коэффициентлари бўйича устамалар” ва бошқалар) аниқлик киритилди.

Қайд этилганидек, иш берувчининг иш ҳақини кечиктириш учун жавобгарлиги (кечиктирилган ҳар бир кун учун қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида) белгиланди. Шу билан бирга, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси чиқариб ташланди.

Семинарда Кодекснинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича ишларни тизимли равишда ташкил этиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan