Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг ёшлар учун аҳамияти нималардан иборат? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

  Аҳолисининг яримидан кўпини ёшлар ташкил қиладиган мамлакатимизда уларни иш билан таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда, янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси ёшлар учун бир нечта муҳим жиҳатлари билан аҳамиятлидир:

  биринчидан, ёшларнинг меҳнат қилиш эркинлиги кафолатланиб, уларнинг меҳнат шартномаси билан ишлаши учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда;

   иккинчидан, болалар ва ёшларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мутлақо бекор қилиниб, вояга етмаган шахслар меҳнати тўлиқ тартибга солинмоқда;

      учинчидан, кодекснинг алоҳида параграфида ёшлар учун қўшимча кафолатлар мустаҳкамланмоқда.

     Алоҳида эътироф этиш жоизки, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти томонидан берилган бир нечта таклифлар ҳам ўз аксини топган. Хусусан, Кодекснинг 6-моддасида меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар, яъни вояга етмаганлар тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмаслиги бўғрисидаги таклиф норма сифатида мустаҳкамланди.

    Шунингдек, белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шартлиги белгиланиб, уни рад этиш эса тақиқланмоқда. Ўз навбатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга рад этиш устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланмоқда.

    Бундан ташқари, кодекснинг алоҳида параграфида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари, уларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланадиган ишлар, улар учун қисқартирилган иш вақтининг муддати, йиллик меҳнат таътилини бериш, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишнинг тақиқланиши ҳамда таълим муассасаларининг битирувчилари учун қўшимча кафолатлар билан боғлиқ алоҳида нормалар ҳам белгиланмоқда.

   Қувонарлиси, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида замонавий ёшларнинг барча талаб ва истакларига жавоб берадиган янги нормалар киритилган. Хусусан, иш билaн тaьминлaш жaрaёнлaрини рaқaмлaштириш, электрoн мeҳнaт дaфтaрчaлaрини юритиш, мeҳнaт шaртнoмaлaрини тузиш вa ягoнa мaьлумoт бaзaсидa рўйxaтдaн ўткaзиш мexaнизмлaри очиб берилмоқда. Мослашувчан иш вақти, масофавий ишлаш каби янгиликлар ёшларга кенг имконият яратиб беришини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Айнан шу каби нормаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши аксарият ёшларнинг иш билан таъминланишига, уларнинг ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий барқарорлигига эришишига йўл очади. Эндиликда ёшлар бир нечта жойда ишлаши, ўқишини эса иш билан ҳамоҳанг олиб бориши мумкин бўлади.

   Хулоса қилганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси замонавий ёшлар учун энг қулай ва мослашувчан қонун ҳисобланади. Унинг ҳаётга тадбиқ этилиши эса аҳолининг салкам 60%ини ташкил этувчи ёшлар учун меҳнат бозорида кенг имкониятлар яратиши билан бирга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини адолатли амалга оширилишига хизмат қилади.

Шахноза Жолдасова,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan