Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси давлат органлари объектларини қўриқлаш бошқармаси 16 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг ҳуқуқий асослари ва ҳалқаро амалиёт” мавзусида байрам тадбири ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси давлат органлари объектларини қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Сайидов, батальон навбатчилик қисми бошлиғи майор Ж.Абдурасулов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди С.Ишанходжаев, шахсий таркиб ходимлари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мағрур ҳилпираётган байроғимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-ободлик, миллатлараро тотувлик, қут-барака, биз эришаётган бемисл ютуқлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзи сифатида қалбимизга туганмас ифтихор бағишлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам бутун халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида давлатимиз рамзларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғуси тобора мустаҳкамлаш, уларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, давлат рамзларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ўргатишдек эзгу мақсадлар сингдирилган.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиб, дунёда биронта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга Давлат байроғидек танита олмайди.
Байроғимизнинг доимо баланд туриши, бош узра ҳилпираши замирида жуда катта маъно-мазмун мужассам. Зеро, у ўз пойида миллионларни бирлаштиради. У инсонга куч ва қудрат бахш этади. Мақсадни тарбиялайди, иродани тоблайди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоямиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-мақсад ва интилишларимиз, ор-номусимиз ва ғуруримиз акс этган. Ўзбекнинг ўзлиги ифодаланган.
— Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Улар ҳар бир халқнинг мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли саналади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Саидаҳмад Ишанходжаев. — Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Шу боис, ватанимизнинг муқаддас рамзи – давлат байроғи ҳаммамиз учун азиздир. Зотан, байроқ – бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.
Тадбирда сўз олганлар байроғимиз республикамизни дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатишини айтиб, байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашини қайд этишди.
Таъкидланганидек, байроғимиз Ўзбекистон халқининг меҳмондўст, меҳнатсевар, серҳаракат, бағрикенг, очиқкўнгил эканидан, энг муҳими, тинчликпарварлигидан дарак беради. Байроққа нисбатан халқимизнинг муқаддас қадрият деб қараши унга ниҳоятда юксак ҳурмат кўрсатиб, эҳтиёткорона муносабатда бўлиши ҳам таҳсинга сазовор.
Тадбирда турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттираётгани таъкидланди.