Давлат байроғи — бахт ва ифтихоримиз тимсоли – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади.

Тарихга назар ташласак, Амир Темур бобомизга унинг пири Сайид Барака Амир Ҳусайнга қарши жангга киришдан олдин байроқ ва ноғора тақдим этган. Соҳибқирон ҳокимият тепасига келганидан кейин ҳам давлат рамзларига ниҳоятда катта аҳамият берган. Айниқса, давлатнинг байроғига. Жанг вақтида агар битта жангчи тирик қолса ҳам, у мамлакат байроғини баланд тутсин, дея фармон берган экан. Чунки давлат байроғининг эгилиши ўша давлатнинг жангда мағлуб бўлганини билдиради. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим”, дея ўз юрти учун курашган Нажмиддин Кубро мўғулларга қарши жангда Ватанининг байроғини қаттиқ ҳимоя қилган ва уни тутиб жон берган.

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, энг аввало, давлатимиз рамзлари тасдиқланди. 1991 йил 18 ноябрь халқимиз ёдида ўчмас ва қутлуғ саналардан бири бўлиб қолди. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг
2-3-моддаларида байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди.  

Таъкидлаш жоиз, 2010 йил 24 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун имзоланди. Унга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунлар ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмидаги “Янги ой ва юлдузларнинг” деган сўзлар “Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг” деган сўзлар билан алмаштирилди. Бу эса байроғимиз тасвири ҳақидаги тасаввурни янада аниқлаштирди. Маълумки, янги ой — мустақиллигимизни, ўн икки юлдуз беғуборлик, донишмандлик ифодаси сифатида муқаддас Ватанимизда яшаётган инсонлар ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлашини билдиради.

Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари – давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади. Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметлар, ўқув-тарбия жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, байроғимиз республикамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ҳамда асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Байроқ ўзида давлатнинг тарихий қиёфасини, урф-одатлари, маданияти, мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳам мажозий равишда мужамссамлаштиради.

Бугунги кунда спортчилармиз нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарганидан ҳар бирмизнинг қалбимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Нафақат спорт соҳасида, шунингдек, илм-у маърифатда ҳам юртимизнинг шон-шарафини оламга ёяётган, байроғимиз юксакларда ҳилпирашига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фидоий инсонларни кўриб, уларга ҳавас қиламиз. Аслини олганда, шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаро давлатимиз рамзларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромда бўлиши, Ватанимиз равнақига ўзининг ҳиссасини қўшишга интилиб яшаши лозим. Ҳар биримиз мана шу масъулиятни чуқур англасак ва ҳаракат қилсак, байроғимиз янада юксакларда ҳилпираверади.  

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ-келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли сифатида доимо баланд ҳилпирайверсин. 

Таваккал Чориев,

Козимжон Тожиев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan