Байроқ нафақат давлат рамзи, халқаро муносабатлар тимсоли ҳамдир – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти  бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Саидаҳмад Ишанхўжаев  давлатимиз байроғининг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.   

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи нафақат давлатнинг рамзи, балки унинг халқаро муносабатлардаги  тимсолидир. Айтинг-чи, бугун байроғимизга хориждаги элчихоналар, халқаро ташкилотларнинг эътибори қандай?  

– Ҳозирги кунда БМТга аъзо бўлган мамлакатлар сони 193 тани ташкил этиб, уларнинг байроқлари ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартираси олдида ҳилпираб туради.  

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мамлакатимизнинг хориждаги 54 та элчихонаси ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида мавжуд. Давлатимиз раҳбари, парламент ва ҳукумат аъзолари хорижий давлатларга расмий учрашувларда иштирок этиши муносабати билан мазкур давлат рамзининг кўтарилиши кишини ниҳоятда тўлқинлантиради, ғурур ва ифтихор бағишлайди.  

Айниқса, нуфузли халқаро мусобақаларда спортчиларимиз томонидан эришилган ғалабалар эвазига давлат байроғининг кўтарилиши ва мадҳиянинг янграши дилларга кўтаринкилик бағишлайди.  

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун, ундаги нормалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз? 

– “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 52-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслиги ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.  

Ҳозирги кунда турли давлатларнинг қонунчилигида давлат байроғидан фойдаланиш тартиби қандай?  

– Ҳозирги кунда турли давлатларнинг қонунчилигида давлат байроғидан фойдаланиш тартибига оид нормалар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат.  

Масалан, Туркия Республикаси “Турк байроғи” қонунининг 7-моддасида турк байроғидан унинг маънавий қийматига путур етказадиган ҳамда йиртиқ ва тешиклари кўп, доғли, кир, оқарган ҳар қандай шаклда фойдаланиш мумкин эмаслиги ва расмий қасамёд маросимидан ташқари уни стол устига ёки минбарга қўйилиши ва бирон бир шаклда оғзаки ёхуд ёзма тарзда ҳақорат қилиш ҳамда йиртиб ташлаш ва ёндириш тақиқланган.  

Беларусь Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонуни 8-моддасининг саккизинчи қисмида Беларусь Республикаси давлат байроғига ёзувлар ва график тасвирларни қўллаш усули ва шаклидан қатъи назар, уларни жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.  

Озарбайжон Республикасининг “Озарбайжон Республикаси Дaвлат байроғидан фойдаланиш қоидалари тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасида Озарбайжон Республикаси дaвлат байроғидан фойдаланишга доир чекловлар, Озарбайжон Республикаси дaвлат байроғи стол вa стуллар устига осиб қўйилиши, ўтирадиган ёки оёқ қўядиган жойларга ўрнатилиши тақиқланган.  

АҚШ Байроқ кодексининг 4-бўлим, 1-боб, 8-моддасига кўра, Америка Қўшма Штатларининг байроғига нисбатан ҳурматсизликни намоён этиш мумкин эмаслиги ва байроқ ҳеч бир инсон ёки нарса олдида туширилиб қўйилмаслиги, байроқни бир маротаба ишлатиладиган нарсаларда қўллаш ва ёки ерга тегиб туриши ҳамда эскириш ва яроқсиз ҳолатга келиб қолиши оқибатида ахлат қутисига ташлаб юбориш тақиқланган.  

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan