Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Андижон вилоятининг Андижон шаҳри ва Қўрғонтепа туманида янги тиббий профилактика ва патронаж тизимини устувор равишда жорий қилиш белгиланган.
Жорий йилнинг 16-17 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар томонидан мазкур Фармоннинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Андижон шаҳри ва Қўрғонтепа туманларида ўрганиш ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда асосий эътибор бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш борасида мазкур ҳудудларда амалга ошириб келинаётган ишлар билан танишиш ҳамда таҳлил қилишга қаратилган.
Парламент аъзолари 16 март куни Қўрғонтепа тумани марказий кўп тармоқли поликлиникасида бўлиб, мазкур тиббиёт муассасасида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш борасида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ўрганиш доирасида депутатлар тиббиёт муассасаларида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш борасида яратилган шароитларни янада яхшилаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, дори-дармонлар билан таъминланиши, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш йўналишларида қилинаётган ишларни атрофлича таҳлил қилиш мақсадида тумандаги шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, 1-сонли “Cавой” оилавий шифокор пункти ҳамда 41-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлдилар.
Шифокорлар, беморлар ҳамда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар қилдилар. Суҳбатлар чоғида мамлакатимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимини яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар соҳани тубдан ислоҳ этиш, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини яратиш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш имконини бераётгани қайд этиб ўтилди.
Фуқаролар кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар туфайли тиббиёт муассасалари аҳолига яқинлаштирилганлиги, уларнинг моддий таъминоти яхшиланганлиги, тиббиёт ходимларининг масъулияти ошганлигини мамнуният билан қайд этишди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Андижон вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.