2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш Миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги 6155 – сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида қатор вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокида “2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш Миллий стратегияси”ни ишлаб чиқиш белгиланган.

2021 йилнинг 26 март куни академик доиралар ўртасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш Миллий стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган миллий маслаҳатлашув йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Бош прокуратура Академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар Академияси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг масъул вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Х.Отахонов иштирок этиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида мавжуд долзарб ва муҳим масалалар юзасидан қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтди:

– Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг соҳада асосий масъул орган сифатидаги мақоми ва ваколатларини белгилашга оид ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

– коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида “маиший” ва “бизнес” коррупция турларини ажратиб кўрсатиш;

– коррупцияга қарши кураш усуллари ва уларни белгилаш заруратини аниқлаш (Ҳиндистон, Хитой ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаси асосида);

– “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги ягона қонунни қабул қилиш ва унинг самарали ижросини таъминлаш;

– давлат амалдорларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатларини мажбурий декларациялашнинг ягона тизимини жорий этиш.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда “2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси” лойиҳа устида самарали ишлашни давом эттиришга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan