Сенат Раиси Сирдарё туманида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Дастлабки манзил – Сирдарё тумани “Истиқбол” маҳалласи.  Парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева ушбу ҳудудда ташкил этилган “Маҳалла гузари” ҳамда “Истиқбол” МФЙнинг янги биносини кўздан кечирди.

Мазкур янги бинода маҳалла раиси ва унинг ўринбосарларининг фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Кенг ва шинам хона ҳамда замонавий ахборот технологиялари билан таъминланган бино ҳудуд аҳолиси хизматида. Қолаверса, маҳалланинг биносига кириш қисмида китоб дўкони ташкил этилган. Янгидан барпо этилган боллар ўйингоҳи ҳам кичкинтойлар билан гавжум.

Маҳалла биноси ёнидаги “Маҳалла гузари”да эса 12 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Дорихона, сартарошхона, тикувчилик, озиқ-овқат дўконлари ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Ушбу гузарда 25 та янги иш ўрни яратилган.

Сенат Раиси “Маҳалла гузари”даги тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фаолияти билан қизиқди.

Бундан ташқари, Сенат Раиси маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳам учрашди. Учрашувда Кенгаш котибиятлари ташкил қилингани депутатлар фаолияти учун янада самарали бўлганлиги таъкидланди. Шунингдек, халқ вакилларига зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шундан сўнг Сенат Раиси Т.Нарбаева “Истиқбол” маҳалласида истиқомат қилувчи  Қ.Эгамова хонадонида бўлиб, ҳудуддаги онахонлар билан дилдан суҳбатлашди.

Қаршигул она “Aёллар дафтари”га киритилганлиги боис унга 2 сотихли иссиқхона қуриб берилган ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлар ҳисобидан хонадони таъмирлаб берилган.

Навбатдаги манзил – Сирдарё туманидаги “Sirdaryo Mega-Luks” қўшма корхонаси. Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева мазкур муассаса фаолияти билан танишди.

Дастлаб “Sirdaryo siti” мажмуасининг бир қисми дея қаралаётган кўп қаватли турар-жой бинолари ва янги инвестицион лойиҳаларга эътибор қаратилди. Ҳозирда ушбу лойиҳалар доирасида қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Мазкур корхона 2012 йилда Россия Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унинг лойиҳа қиймати 30 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда бу ерда 1 минг 500 нафар сирдарёликлар меҳнат қилмоқда.

Қурилиш ишлари бошлаб юборилган 39 гектарлик ҳудудда биргина БОПП (биоксаль ориентерланган ) плёнкаларни ишлаб чиқариш корхонасининг умумий лойиҳа қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 2023 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу корхонада йилига 35 минг тонна БОПП плёнкалари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 40 фоизи ички бозорга йўналтирилса, 60 фоизи Европа иттифоқи, МДҲ мамлакатлари ва Афғонистон давлатига экспорт қилинади. 

Шунингдек, айнан корхона тасарруфидаги 39 гектарлик ҳудудда бир неча корхоналардан ташқари, маҳсулотлар омбори, 9 та 7 қаватли турар-жой, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти, кутубхона, ёпиқ бассейн, маданий-маиший ва бошқа бинолар қурилмоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева корхона фаолияти билан танишар экан аёлларга яратилган шароитлар, уларнинг корхонадаги ўрнига эътибор қаратди. Аёллар билан бўлган суҳбатда бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар, уларнинг бандлигини таъминлашдаги чора-тадбирлар кўлами кенгаяётгани таъкидланди.

Яна бир жиҳат. Кам таъминланган, уй-жойга муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган шахсларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида туман ҳокимлиги балансида бўлган “Ширин” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйнинг 20 та хонадони фуқароларга эгалик ҳуқуқи берилган ҳолда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Бугун Сенат Раиси иштирокида ушбу уйлар ўз эгаларига топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Сирдарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan