Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон қадрини улуғлаш, эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

  Бугун шу мавзуда Тошкент давлат транспорт университетида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Университет ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, илмий ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлар, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

  Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори, Конституциявий комиссия раиси, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов ва Тошкент давлат транспорт университети проректори Абдулазиз Ғуломов кириш сўзлари билан очиб беришди.

  Очилиш қисмида, шунингдек, Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Жўрабой Тошқулов, Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори, Феруза Муҳитдинова кириш сўзлари билан иштирок этишди.

  Асосий қисмда Давлат ва ҳуқуқ институтидан юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Оқюловнинг “Ижод эркинлигининг конституциявий асослари”, юридик фанлар доктори, профессор Ниғмон Азизовнинг “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон қадрини улуғлаш, эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати сифатида: йиллар ва йўллар”, юридик фанлар доктори, профессор Миродилжон Баратовнинг “Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар хусусида айрим мулоҳазалар: воқелик ва истиқбол” мавзуидаги маърузалари тингланди.

  Шу билан бирга, Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Ақида Дадашева “Миллий давлатчиликни шакллантиришда Ўзбекистон Конституциясининг ўрни ва роли”, Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор Шуҳрат Якубов “Конституциявий нормалар амалий ижросини таъминлашнинг устувор йўналишлари” мавзуларида маъруза қилишди.

    Муҳокамалар қисми қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди ва якунида билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар умумлаштирилди.

  Республика илмий-амалий конференцияси давомида беш жилдлик “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” китобининг уч жилди, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари” ва “Жаҳон конституциялари” китоблари тақдимоти бўлди.

  Конференцияда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ва бўлим бошлиғи Ботир Собиров иштирок этди.

  Анжумандан сўнг олий ўқув юртларининг ҳуқуқшунослик соҳасида таҳсил олаётган 1-курс талабалари ўртасида “Конституция билимдони” интеллектуал танлови ўтказилди ва ғолиблар муносиб тақдирланди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan