Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда Шимолий Европа мамлакатлари тажрибаси ўрганилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 1 декабрь куни парламент қуйи палатаси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда Шимолий Европа мамлакатлари тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Финляндия парламенти (Эдускунта) билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ҳамда “Финляндия – Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон ва Финляндия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, Финляндия парламенти (Эдускунта) билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи раҳбари Дилором Файзиева Ўзбекистон ва Финландия парламентларининг минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдаги роли хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу соҳада юртимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги тегишли фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга оширилишида сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ҳамкорликда қабул қилинаётган келишувлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ўз навбатида, Финляндия парламенти делегацияси аъзоларига бошчилиқ қилаётган “Финляндия – Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи” раҳбари К.Кильюнен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва миллий парламентимиз ҳамда унинг ҳузуридаги Институт фаолиятини юқори баҳолади.

Финландия парламенти фаолиятида минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдаги роли ҳақида тўхталиб, бу борада Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирилишига ишонч билдирди.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти ва унинг ҳузуридаги Институт фаолияти хусусида батафсил маълумотлар берди. 

Шунингдек, тадбирда Финляндия Сув форуми лойиҳаси раҳбари Арво Нерманнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Финландияда синовдан ўтган ва амалий аҳамиятга эга бўлган бир қатор лойиҳалар ҳақида маърузаси тингланди. Келтириб ўтилган аниқ маълумотлар ва тажрибаларга асосан таклифлар билдирилди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан парламентлараро ҳамкорлик доирасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan