“Халқимиз сиёсий ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” – Қонунчилик муаммолари институти
Хронология Янгиликлар

  2022 йилнинг 7 декабрь куни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида “Халқимиз сиёсий ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

  Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Констуциявий суди, Институт ҳузурида ташкил этилган Илмий-экспертлик кенгаши ва «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари ҳамда Институт ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

   Кириш сўзи билан қатнашган Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Хайрулло Гаппаров ўз маърузасида Янги Ўзбекистон демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган, бош мақсади халқ учун эркин, обод ҳамда фаровон ҳаёт яратиб бериш, шундай эзгу мақсадлардан бири аҳолининг кенг қатлами ва сайловчилар хоҳиш ­иродаси бўлмиш мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширилаётгани ҳақида тўхталди. Зеро, ҳар қандай Конституция ҳаётий бўлиши, мамлакатнинг ижтимоий ва ҳуқуқий воқеликларига, халқнинг орзу-умидлари ва келажак истиқболига, хусусан, замон талабига мос келиши тўғрисида сўз юритди.

   Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова сенатор ва депутатлар томонидан ҳудудларга чиқиб, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ёшу кекса иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилаётгани, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун­-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, бу борадаги миллий ва халқаро даражадаги анжуманлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ҳам юқори савияда ташкил этилаётганини таъкидлади ва сўзи якунида «конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аёллар ва қизларнинг қадр-­қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-­ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришдир. Конституциямизга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар БМТнинг Хотин­қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси норма ҳамда тамойилларига тўлиқ мос. Барча тадбирлар бўйича якуний ҳужжатлар қабул қилиниб, Конституциямиз ва қонунчиликни такомиллаштириш масалалари таҳлил этилди, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг конституциявий қонун лойиҳасига расмий шарҳлари ва таклифлари олинди» дея алоҳида қайд этиб ўтди.  

   Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилгани, бу жараёнда конституциявий қонун лойиҳасига ногиронларнинг ҳуқуқини таъминлашга қаратилган 20 га яқин таклифлар келиб тушгани ҳақида батафсил тўхталди.

 

  Шунингдек, тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Асқар Ғафуров мамлакатимизда Конституция устунлигига эришиш ва унинг нормаларига оғишмай риоя қилиш кўп жихатдан Конституциявий суд томонидан конституциявий назорат фаолиятининг самарали амалга оширилишига боғлиқлиги хусусида тўхталди. Янги Конституциявий конуннинг кабул килиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида Конституциявий суднинг ролини янада оширишда муҳим омил бўлиши, Конунга биноан фукаролар ва юридик шахсларга конунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраб, Конституциявий судга мурожаат килиш ҳуқуқи берилиши, бу эса ўз навбатида янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва унинг мустақиллигини амалда таъминлашга йуналтирилган тизимли ислоҳотлар бераётган юксак самаралардан бири эканлигини таъкидлади.

  Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов «Ўзбекистон Республикасининг конститутцияси халқимиз сиёсий ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси» тўплами тақдимоти бўйича қилган маърузасида институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида билдирган фикр ва мулоҳазалари ифода этилган маърузалари ягона тўплам ҳолига келтирилгани ҳақида батафсил тўхталди. 

   Таъкидландики, бугунги кунда янги Ўзбекистонда Бош қомусимиз асосида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлмиш халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, адолатли суд тизими фаолиятини йўлга қўйиш, ёшларнинг билим олиши, илмий фаолият билан шуғулланишини кафолатлаш каби масалаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

   Давлатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир нутқида, албатта, Бош қомусимиз ҳақида тўхталиб, унинг мазмун-моҳияти, тараққиётимизнинг тарихий ҳамда бугунги босқичида Конституция талабларига сўзсиз амал қилиш, ишлаб чиқилаётган барча қонун ҳужжатларининг унга мувофиқ бўлишини таъминлаш борасида кўплаб фикрларни билдириб келмоқда.

   Анжуман иштирокчилари ва экспертлар Институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўплам кенг жамоатчилик, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олий таълим муассасаларининг талабалари, илмий тадқиқот марказларининг ходимлари ва илмий тадқиқотчилари, амалиётчи мутахассислар учун фойдали манбаа бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

  Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида конституциявий ислоҳотларнинг мазмун­моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan