Инсонпарварликнинг олий намунаси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Қутлуғ сана – Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган тегишли фармонга кўра тузалиш йўлига қайтган 400 га яқин маҳкум афв этилди.

Бу кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати замирида кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват мужассам эканини яна бир карра намоён этди.

Янги Ўзбекистон сиёсатига афв институти барқарор ва бардавом амалиёт сифатида кириб келгани эътироф этилмоқда. Афв институти демократик тузум қарор топган, инсонпарварлик ва адолат тамойилларига амал қилинадиган, “Инсон қадри учун” тамойили ҳаётга жорий этилаётган мамлакатимизда тарбиянинг янги ва самарали усули сифатида қўлланяпти.

Зеро, билиб-билмай қилган хатоси учун одамни маҳкум сифатида жамиятдан ажратиб қўйиш мақбул йўл эмас. Уни кечириш, тўғри йўл топишига имкон бериш, қўллаб-қувватлаш асл инсоний қадриятлардан саналади.

Айрим рақамларга эътибор берайлик: 2017 йилдан буён Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 20 дан ортиқ фармонига кўра афв этилган фуқаролар сони қарийб 6 мингга етди. Уларга ўз оиласи ва жамиятга қайтиб, бундан буён мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахснинг афв этилгани инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим кўриниши бўлди.

Мазкур фармоннинг қабул қилингани инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсонпарварлик, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият деб тан олиш каби умуминсоний ва конституциявий принциплар амалда таъминланишининг ёрқин намунасидир.

Боиси, фармонда афв этилган шахслар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишида уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

ЎзЛиДеП халқимизнинг кечиримлилик, меҳр-шафқат сингари азалий одатлари ҳаётга кўчаётганини тўла қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши, умуминсоний принципларни амалга оширишдан иборатдир.

Сардорбек ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan