Тошкентда МДҲ Ижодкор ва зиёлилар форуми бўлиб ўтмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Бугун, 12 декабрь куни Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижодкор ва илмий зиёлиларининг XV форуми бўлиб ўтмоқда.

Ҳамдўстлик давлатларидан 200 га яқин делегат пойтахтимизга ташриф буюрган. МДҲ Ижодкор ва илмий зиёлилар форуми 2006 йилдан бошлаб турли мамлакатларда навбатма-навбат ўтказиб келинмоқда.

Анжуманда ўтган йил якунлари сарҳисоб қилинади, қўшма ҳаракатлар режалари муҳокама қилинади. Шунингдек, фан, таълим, маданият, ахборот, туризм, спорт, ёшлар билан ишлаш соҳаларида ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган форумнинг мавзуси – “Гуманитар ҳамкорлик – ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари” замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, ҳамкорлик режаларини муҳокама қилиш ҳамда ишнинг устувор йўналиш ва шаклларини белгилашни мақсад қилган.

Тадбир давомида санъат, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари учун бериладиган МДҲнинг Давлатлараро бош мукофоти – “Ҳамдўстлик юлдузлари” лауреатларини тантанали тақдирлаш маросими форумнинг асосий нуқтаси бўлди. МДҲ давлатларининг ёшлар мукофоти – “Ҳамдўстлик дебютлари” совриндорлари ҳам тақдирланди.

Форумнинг яна бир анъанаси – МДҲ давлатларининг гуманитар соҳадаги фаолиятини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этишдир. Бу сафарги кўргазма Ҳамдўстлик мамлакатларидаги мавзули йилларнинг асосий тадбирларига бағишланди. Форум эртага ҳам давом этади, ЎзАни кузатиб боринг.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan