Аёллар тадбиркорлиги масалаларига бағишланган минтақавий форумда Ўзбекистон вакиллари иштирок этди – Қонунчилик муаммолари институти
Хронология Янгиликлар

  Олмаота шаҳрида (Қозоғистон) Women and Girls Empowered (WAGE) консорциуми томонидан АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлиги” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтди.

  Конференциядан кўзланган мақсад Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлиги Миллий кун тартибини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги илғор амалиётлар билан тажриба алмашиш, Марказий Осиё мамлакатларида аёллар бизнес-ҳамжамияти билан давлат ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтиришдан иборат.

 Конференцияда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари – Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистондан давлат органлари ва аёллар бизнес-ҳамжамияти, университетлар, таҳлилий марказлар, халқаро ташкилотлар, бошқа манфаатдор тарафлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

 Конференция икки кун давом этди ва унда табрик сўзи билан Аёллар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича Марказ директори Барбара Лэнгли, АҚШнинг Олма-Отадаги бош консули Кэролайн Сэвидж, АҚШ Давлат департаменти катта маслаҳатчиси Кейтлин Кетола, АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури адвокат-маслаҳатчиси Тамар Саттервайт, Америка юристлар ассоциацияси ҳуқуқ устуворлиги бўйича ташаббуснинг Глоабал консорциуми раҳбари Мутони Камуйу-Оджуоло ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ва парламентлари вакиллари чиқиш қилдилар.

    Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова кириш сўзида иштирокчиларни қутлар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани хусусида тўхталиб ўтди.

    Конференция 2 та ялпи мажлис ва 3 та сессияга бўлинган ҳолда давом этди.

    Биринчи ялпи мажлиси “Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистонда Аёллар тадбиркорлиги Миллий кун тартиби тақдимоти, коалициялар ютуқлари ҳамда Туркманистон тадбиркор аёллари муваффақиятлари тақдимоти” деб номланиб, унда мамлакатимиздан Ўзбекистонда Хотин-қизлар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича эксперт кенгаши раиси Жамила Ибрагимова маъруза қилди. Ўз маърузасида, мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида ишлар изчил ва тизимли равишда олиб борилаётгани, бундан кўзланган асосий мақсад, аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш ва ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, тадбиркор аёллар ўз имкониятларини бир вақтнинг ўзида турли тармоқларга йўналтира олишлари, шунингдек, улардаги илғор ғояларни амалга оширишлари учун озгина қўллаб-қувватлаш, йўл-йўриғини кўрсатиш кераклиги ҳақида тўхталди.

  Иккинчи ялпи мажлиси “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва инклюзив иқтисодиёт бўйича Давлатлар стратегияси ва дастурлари” деб номланиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Mалика Кадирхонова ҳамда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева маъруза қилдилар.

  Mалика Қодирхонова қайд этганидек, айни пайтда хотин-қизлар ҳаётнинг барча жабҳаларида, яъни иқтисодий, ижтимоий ва жамоат ишлари билан банд. Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аёллар аҳоли умумий сонининг 48% фоизини ташкил этади. Шунингдек, Қонунчилик нуқтаи назаридан қаралганда, мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда.

 Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг қонунчилик асослари ҳақида тўхталар экан, мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳақида тўхталди. Аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқларини тартибга солувчи қонунлардан бири “Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун бўлиб, унда аёлларга нисбатан камситишларни тақиқлаш ва ҳуқуқларнинг тенглиги белгиланган. Қонуннинг 20-моддаси иқтисодий соҳада ва тадбиркорлик фаолиятида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг кафолатларига бағишланган бўлиб, мазкур моддада давлат томонидан аёллар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этилиши алоҳида қайд этилган.

  Конференция давомида ташкил қилинган сессияларда Академик институтлар ва бизнес-ҳамжамият ўртасида ҳамкорликка кўмаклашиш”, “Аёллар тадбиркорлиги минтақавий кун тартибини ишлаб чиқишга ёндашувлар”, “Қонунлар ёрдамида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш: дискриминацияга қарши ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳуқуқий ландшафтларни баҳолаш”, “Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича тадбирлар ва келажакдаги саъй-ҳаракатларни режалаштириш” каби мавзуларда баҳс-мунозаралар бўлди, фикр алмашилди, таклифлар муҳокама қилинди.

  Бундан ташқари, конференция доирасида давлат органлари вакиллари билан аёллар бизнес-ҳамжамиятлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Уларда Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 Конференция ишида Ўзбекистондаги WAGE дастурининг миллий координатори Малика Муқимова ташаббуси билан Ўзбекистондан давлат ва аёллар бизнес-ҳамжамияти вакилларидан иборат 21 киши фаол қатнашди. Минтақавий конференцияда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов иштирок этиб, кейинги йиллар учун аёллар тадбиркорлиги Миллий кун тартибини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган таклифларни илгари сурди.

 Конференция якунида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон WAGE Коалициялари ҳамда Туркманистон тадбиркор аёллари ўртасида Меморандум имзоланди, шунингдек, ташкилотчилар томонидан фаол ҳамкорларга тантанали равишда ташаккурномалар топширилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan