Сенат Раиси МДҲ давлатларининг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси бошқаруви вакиллари билан учрашди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Бугун, 13 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг ХV форумида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган МДҲ давлатларининг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси бошқаруви раиси, Озарбайжон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Пўлад Булбул ўғли бошчилигидаги делегация билан учрашди.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз,  МДҲ жамғармаси 2006 йил 25 майдаги Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган Битимга мувофиқ ташкил этилган бўлиб, давлатлараро нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Учрашувда Ўзбекистонинг мазкур жамғарма билан ҳамкорлик истиқболлари хусусан, маданият, фан, таълим ва бошқа гуманитар соҳаларда кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, мазкур йўналишдаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Сенат раиси Т.Нарбаева халқларимиз манфаатлари йўлида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун МДҲ давлатлараро тузилмалари, биринчи навбатда, Давлатлараро жамғарма имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Жамғармаси бошқаруви раиси, П.Булбул ўғли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, ташриф давомида барча соҳаларда жумладан, маданий-гуманитар йўналишда кескин ўзгаришларга гувоҳ бўлгани, бу албатта Президент Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан, маданият ва ёшлар масалаларига катта эътибор бераётганидан далолат эканини алоҳида қайд этди.  

Суҳбат чоғида МДҲ аъзо мамлакатлари академик доиралари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.  

www.senat.uz

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan