Парламентаризм соҳасида яна бир амалий қўлланма тақдимоти ўтказилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган «Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси» бўйича амалий қўлланма тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда сенаторлар, депутатлар, Олий Мажлиснинг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи, Институт илмий ходимлари, Институт ҳузуридаги Илмий экспертлик кенгаши, «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» даврий нашри таҳрир ҳайъати, палаталар ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов ва Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Қодир Жўраев кириш сўзи билан очиб беришди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга юқори даражада аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Корея ўртасида ҳам парламентлараро мулоқотлар жуда фаоллашган, парламент фаолияти борасида ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда турли халқаро конференциялар ўтказиш, кўп томонлама парламент ташкилотлари доирасида ҳамкорлик қилиш ва мунтазам делегациялар алмашиш ишлари янада жадал йўлга қўйилган. Бу, албатта, соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Тадбир давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган «Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси» тўплами тақдимоти ўтказилди.

Институт директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов тақдимотга бағишланган маърузасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси ва унинг органлари, шу жумладан, Котибияти, Бюджет бошқармаси, кутубхона ва Тадқиқот хизмати каби тузилмалар, уларнинг асосий функциялари ва ўтган давр мобайнидаги фаолияти, эришган ижобий натижалари, шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолияти ва Миллий Ассамблея фаолиятига доир бошқа масалалар мазкур тўпламдан ўрин олганлигига урғу бериб, у икки давлат миллий қонунчилигини ривожлантириш ва яқинлаштириш учун ўзига хос амалий қўлланма бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Тўплам депутатлар, сенаторлар, парламент палаталари ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, тадқиқотчилар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда кенг жамоатчилик учун мўлжалланган.

Анжуманда иштирок этган миллий парламентимиз аъзолари ва экспертлар томонидан Институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўпламни нафақат парламент фаолиятида ўрганиш, балки уни олий ўқув юртлари ҳамда илмий тадқиқот муассасалари, ахборот-кутубхона марказларида фойдаланиш учун юбориш тўғрисида таклифлар билдирилди.

www.xs.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan