Барқарор ривожланиш мақсадлари ва миллий парламентаризм – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида қабул қилинган БМТ резолюцияси дунё парламентларининг бу борадаги фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Сир эмас, охирги беш-олти йил Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга давр бўлди. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиши баробарида, республикамизнинг дунё миқёсида ижимини шакллантириш ҳамда дунё давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқаларни кучайтириш борасида дадил қадамлар ташланди. Натижада юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори янада юксалди. Буни Ўзбекистон, хусусан, Президентимиз томонидан илгари суриб келинаётган қатор ташаббуслар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани, ундан ҳам муҳими, ана шу таклифлар асосида халқаро ташкилотларнинг ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хабарингиз бор, Президентимиз 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш туғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш ҳақидаги таклифи глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Жорий йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мазкур резолюциянинг бир овоздан маъқуллангани бунинг яққол далилидир.

Хусусан, ушбу муҳим халқаро ҳужжатда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда, кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик, ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентларнинг муҳим ўрни аниқ кўрсатиб ўтилган.

Албатта, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибидан ўрин олган муҳим масалалар, яъни дунёда иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилаш орқали бутун инсониятнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва турмуш фаровонлигини оширишга, адолатли ва барқарор жамият қуриш борасида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, сезиларли натижаларга эришилмоқда. Шу маънода, Барқарор ривожланишга эришиш жараёнларида миллий парламентимиз ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича суръат берди, десак айни ҳақиқат.

Маълумки, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш учун 16 та миллий мақсад (БРМнинг 14-мақсади денгиз экотизимларини асрашга доир бўлгани учун Ўзбекистон томонидан қабул қилинмаган) ва 125 та вазифани Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган. Парламент комиссияси ўз фаолияти давомида мана шу вазифаларнинг ижросини мунтазам равишда назорат қилиб бормоқда. Бунда, айниқса, ҳудудларни барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш, бандлигини таъминлаш озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, сифатли таълимни, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларни жорий этиш, шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш каби кўплаб муҳим масалалар Парламент комиссияси аъзолари томонидан чуқур ўрганилмоқда. Ўрганиш якунларига кўра, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Парламент комиссияси мажлисларида 28 вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

2020 йилда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир Ихтиёрий миллий ҳисоботи илк маротаба БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши бошчилигида ўтказилган олий даражадаги сиёсий форумда тақдим этилди.

Шу ўринда, мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича дунё давлатларида олиб борилаётган ишлар ҳамда бу борада Ўзбекистон тажрибасига бағишланган бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги доирасидаги давра суҳбатларида 30 дан ортиқ халқаро экспертлар ўз маърузаси билан иштирок этди. Айниқса, ўтган йили Бухоро шаҳрида дунё тарихида илк маротаба ўтказилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро форум юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Дунёнинг 100       дан    ортиқ мамлакатидан 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашган мазкур халқаро тадбир якунида форумнинг Бухоро декларацияси қабул қилинди.

Қолаверса, Барқарор ривожланишга эришиш мақсадида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, БМТ ва “Bertelsmann” жамғармасининг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида мамлакатимиз жорий йилда 165 та мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади.

БМТ томонидан “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциянинг қабул қилиниши мамлакатимиз ва бошқа давлатларнинг парламентлари, ҳукуматлари учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Бу борада республикамизда орттирилган ижобий тажриба глобал миқёсда кенг қўлланилади. Бу, ўз ўринида, миллий парламентимизга нафақат ғурур бағишлайди, балки юксак масъулият ҳам юклайди. Ҳали олдимизда улкан вазифалар турибди. Мазкур резолюциянинг ташаббускори сифатида, уни муваффақиятли адо этишда биз намуна бўлишимиз зарур.

 

Танзила НАРБАЕВА,

Олий Мажлис Сенати Раиси

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan