БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг алоҳида резолюцияси билан Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги асосий инсон ҳуқуқларига тенглаштирилгани бежиз эмас. Чунки 2017 йили 20 та мамлакатга мансуб 10 минг нафар Интернет фойдаланувчиси ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда сўралганларнинг 83 фоизи Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги асосий инсон ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилишини маъқуллаган.
Айрим хорижий мамлакатларда рақамли инсон ҳуқуқлари, яъни инсоннинг Интернет имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқлари аллақачон Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан:
биринчидан, 2009 йил июнида Франция Конституциявий кенгаши Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлигини асосий инсон ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этган;
иккинчидан, Греция Конституциясининг 5А-моддасида ахборотлашган жамиятда иштирок этиш инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани эътироф этилган бўлиб, ҳукумат 2010 йил 1 июлдан бошлаб мазкур мамлакатдаги ҳар қайси фуқаронинг Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлигини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган;
учинчидан, 2010 йил 30 июлда Коста-Рика Олий суди Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлигини асосий инсон ҳуқуқларидан бири деб эътироф этган;
тўртинчидан, 2013 йил 11 июлда Мексика Конституциясига киритилган тузатишга кўра, ахборотлашган жамиятда иштирок этиш ва Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги инсоннинг ажралмас ҳуқуқи ҳисобланади.
Айни соҳадаги илғор хорижий тажриба ва халқаро тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, Янги Ўзбекистон Конституциясига ҳам онлайн маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор моддалар киритиш юзасидан таклифлар билдирилгани диққатга лойиқ.
Бу ҳақда сўз борганда, аввало, “Хабеас дата” (лотинча: Habeas data – “маълумотларга эгасан” деган луғавий маънони беради) қоидаларини татбиқ этиш истиқболлари ҳақида фикр юритиш лозим. Ушбу қоидалар аксарият давлатларда конституциявий принцип мақомига кўтарилган бўлиб, фуқароларнинг ўзларига тааллуқли бўлган ҳамда архив ва муассасаларда, шу жумладан, махсус хизматлар тасарруфида сақланаётган ҳар қандай ҳужжатлардан фойдаланиш эркинлигини суд орқали талаб қилиш ҳуқуқини назарда тутади.
“Хабеас дата” принципи жаҳон қонунчилик амалиётида нисбатан янги воқелик бўлиб, илк бор 1988 йили Бразилия Конституциясига киритилган. Унинг номи “Хабеас корпус” институти билан уйғунлик касб этиши нуқтаи назаридан танланган.
Бугунги кунда истеъмолчилик жамиятидан – билимлар жамиятига ўтиш даврида яшаяпмиз. Билимлар жамияти – “билим” деган неъмат, иқтисодий ва захиравий жиҳатдан, том маънода устувор қадриятга айланадиган жамият, дегани.
Айни чоғда, ахборот – билим эмас, балки билиш учун муҳим бир воситадир. Ахборотлашган жамият босқичидан кейин инновацион жамиятга гал келади. Шундан сўнггина ахборотнинг сони эмас, балки сифатига таянадиган билимлар жамияти ривожланиш даврига қадам қўяди.
Бу, ўз навбатида, келажакда – бизни кутаётган рақамли даврда давлатнинг мақоми ва нуфузи, шубҳасиз, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектнинг ривожланиш даражасига бевосита боғлиқ бўлишини англатади. Янада очиқ қилиб айтганда, истиқболда дунёдаги кучлар мувозанатини белгилашда, кўп жиҳатдан, рақамли технологияларнинг ривожланиш даражаси улкан аҳамиятга эга бўлади.
Шу маънода, дунёда қарор топадиган янгича тартибда суверен давлатлар ролини сақлаб қолиш ниҳоятда муҳим. Нега деганда, бир томондан, маънавий қадриятлар ва инсон ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш, иккинчи томондан, рақамли технологиялардан фақатгина инсоният фаровонлиги йўлида фойдаланилишини таъминлаш борасида айнан мустақил давлатларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Буни 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация технологиялари тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилгани, айни вақтда “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси изчил амалга оширилаётгани, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиёт, саноат ва бутун жамият ҳаётини рақамлаштиришга қаратилган устувор мақсад-вазифалар белгилаб берилгани яққол тасдиқлайди.
Маълумки, мамлакатимизда Парламент омбудсмани ва Бизнес-омбудсман фаолияти йўлга қўйилган. Ўз навбатида, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ташкил этилди. Эндиликда Ўзбекистоннинг Медиа-омбудсмани институтини таъсис этишга қаратилган ишлар изчил бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида Ахборот кодексини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Ушбу Кодекс лойиҳаси ахборот олиш эркинлиги, инсоннинг ахборот маконидаги ҳуқуқлари, киберхавфсизликни таъминлаш, медиамаданият ва онлайн-гигиенага оид бир қатор қонунларни ўзида мужассам этиши ҳамда тизимлаштириши лозим.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Интернетда эълон қилинди. Юртдошларимизнинг мазкур лойиҳа юзасидан билдираётган кўплаб таклиф ва мулоҳазалари айни Кодекснинг қабул қилиниши жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этишини амалда исботламоқда.
Акмал Саидов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Cпикерининг биринчи ўринбосари