Ўзбекистон – парламент дипломатиясининг тизимли ва самарали фаолиятининг ёрқин намунаси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг билан видеоконференцалоқа шаклида суҳбат ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон парламенти ва ПИ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг ёндашуви ибратли экани ҳамда Ташкилот билан тизимли ва самарали ишлашга ёрқин мисол бўлиши таъкидланди.

Жумладан, ПИ Бош котиби Ўзбекистонни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида қабул қилинган “БРМга эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция билан табриклади. Унинг таъкидлашича, ПИ ушбу ҳужжатни янада ривожлантириш ва БРМ Саммитига тайёргарлик кўришда муҳим ҳужжат ҳамда жаҳон парламентлари аъзолари саъй-ҳаракатларини миллий индикаторларнинг амалга оширилишини назорат қилишга йўналтириб, улар учун ноёб йўриқнома бўлади, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Мартин Чунгонг дунёда Ўзбекистонга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикасининг гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги тажрибасини оммалаштириш, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишини алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати Раиси Ўзбекистон парламенти бундан буён ҳам ПИ билан БРМнинг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни қатъий давом эттирмоқчи ва ривожлантирмоқчи эканини таъкидлади.  Шунингдек, Т.Нарбаева ушбу резолюция ва унинг амалда рўёбга чиқарилиши жаҳон мамлакатлари парламентларига БРМни амалга ошириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш, уларни кўриб чиқиш ва тасдиқлашда фаолроқ иштирок этиш имконини беришига умид билдирди.

Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликни қўшма лойиҳаларни ишга тушириш форматида давом эттиришга келишиб олдилар. Бундай ҳамкорлик Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ва самарадорлигини жаҳон ҳамжамиятига ўз вақтида етказиш, шунингдек, БРМ бўйича парламент комиссияси фаолиятига оид Ўзбекистоннинг тажрибасини оммалаштириш имконини беради.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan