Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчиликнинг роли – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Туркиянинг Ризе шаҳрида Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ташаббуси билан ташкил этилган “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчиликнинг роли” мавзусига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбирнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов (онлайн), Ражеп Таййип Эрдоған университети ректори Юсуф Йилмаз ҳамда Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Муҳаррем Килич сўзга чиқдилар.

Мазкур тадбирда турли хил хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий институтлари вакиллари, халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда минтақавий мутахассислар иштирок этди.

Тадбирнинг мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик амалиётининг кун тартибида янги пайдо бўлган ва ривожланаётган ролини муҳокама қилиш, бу соҳадаги асосий муаммоларни ёритиб бериш ва ушбу муаммоларни бартараф этишнинг самарали стратегияларини муҳокама қилиш, шунингдек мазкур соҳадаги энг яхши амалиёт ва тажрибарибаларни алмашишдан иборат бўлди.

А.Саидов ўз нутқи давомида парламентлар ҳокимиятнинг учта тармоғидан бири сифатида миллий даражада инсон ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим рол ўйнаши, хусусан, уларнинг қонунчилик, назорат ва бюджет ваколатлари уларга инсон ҳуқуқлари барча учун тенг тарғиб қилинишини таъминлаш воситаларини тақдим этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қайд этиб ўтилганидек, парламентлар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлардан, шу жумладан шартнома органлари тизимидан келиб чиқадиган тавсияларнинг миллий қонунчилик ва сиёсатга имплементация қилишда ва миллий даражада амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади, шунинг учун ҳам парламентлар ҳукуматларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига риоя этилишини таъминлашда бевосита ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги пайтларда Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқлари билан тобора кўпроқ шуғулланмоқда. 2018 йилда у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва БМТ тавсияларининг бажарилиши бўйича парламент назорати механизмини ишлаб чиқди. Шунингдек, парламент томонидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилинди ва инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи парламент ҳисоботи эълон қилинди.

Тадбир иштирокчилари, хусусан, Юсуф Йилмаз ва Муҳаррем Килич Ўзбекистон ҳукуматини БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 77-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф қилинган “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўг‘рисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллагани муносабати билан ўзларининг самимий табрикларини билдириб ўтдилар.

Мазкур резолюцияда Миллий парламентларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини қонунийлаштириш, молиялаштириш ва ҳукумат ҳаракатларини синчковлик билан текшириш ваколатлари орқали ҳаётга татбиқ этишдаги муҳим роли тан олинган.

Тадбирда иштирок этган эксперт ва мутахассислар инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳукумат сиёсатини белгилаб берувчи Миллий институтлар шаклида инсон ҳуқуқлари бўйича кучли миллий механизмларни жорий қилиш мазкур соҳадаги тизимли қонунчилик амалиётини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини қайд этиб ўтдилар.

Тадбир давомида кўплаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳам яқин ҳамкорликни йўлга қўйгани, улар халқаро ва минтақавий нормалар ҳамда стандартларни миллий даражада қўлланилишини назорат қилиб бораётгани таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар учун ҳуқуқий ва меъёрий асослар ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқлари тараққиёти ва ҳимоясидаги роли ва аҳамиятини, миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандардларга мувофиқ ўз ваколатини амалга ошириш давомида институсионал имкониятларини кучайтириш усуллари ва воситалари, инсон ҳуқуқлари бўйича турли соҳаларда миллий институтларнинг иш фаолиятини кучайтириш, тажриба ва энг яхши амалиётларни алмашиш учун майдон ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan