Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиши учун мустаҳкам асос бўлмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Давлатимиз раҳбари кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг барча йўналишларида салмоқли натижаларга эришилаётганини таъкидлади.

– Халқларимиз тарихи ва тақдири чамбарчас боғлиқ, биз эту тирноқ бўлиб кетганмиз, долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтаётганини мамнуният билан қайд этди.

Бундай тадбирлар халқларимиз бир-бирининг шонли тарихи ва бугунги ҳаётига катта қизиқиш билан қараётганини тасдиқлаб, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Бугун иккита тарихий ҳужжатни имзолаймиз. Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари тарихида янги босқич бошлайдиган Иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этмоқчиман.

Иттифоқчилик – давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси, ўзаро ишонч белгиси. Шу билан умумий келажагимизни биргаликда қуришга интилишимизни тасдиқлаяпмиз.

Давлат чегараларини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома алоқаларимиз мустаҳкамлигидан далолат беради, минтақада тинчлик ва хавфсизлик мақсадларига хизмат қилади. Чегараларимиз доимо дўстлик ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлган ва шундай бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қозоғистон Президенти икки томонлама муносабатларнинг бугунги юксак даражасини мамнуният билан қайд этди.

– Муштарак тарихга, халқларимизнинг қардошлик ришталарига таяниб, Қозоғистон ва Ўзбекистон мустаҳкам, уйғун муносабатларни йўлга қўйдилар, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон етакчиси бугун имзоланадиган шартномалар янги уфқлар очиши ҳамда икки мамлакатнинг янада яқинлашишга муштарак интилишларини тўлиқ ифода этишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевга бунёдкорона сиёсати ва Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ушбу ислоҳот Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаги иқтисодиёт экани, икки мамлакатнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, охирги беш йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортди, жорий йил якунида эса беш миллиард долларга яқинлашади. Талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали яқин йилларда товар айирбошлашни каррасига ошириш мақсадида Бош вазирлар ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳ тузиш ва қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугун энергетика, автомобилсозлик, кимё, электротехника, қурилиш, логистика ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларга старт берилиши мамнуният билан қайд этилди.

– Ҳозирда лойиҳаси ишлаб чиқилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази янги лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим майдон бўлишига ишонаман, – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, куни кеча ўтган бизнес форум янги инвестиция битимлари ва савдо шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Яна бир муҳим йўналиш – энергетика. Давлат раҳбарлари энергетика қувватларини модернизация қилиш ва қуриш, геология қидируви ва табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни илгари суришга келишиб олдилар.

Транзит салоҳиятидан фойдаланиш ва уни ошириш ҳамкорликнинг муҳим соҳаларидан бири сифатида қайд этилди.

– Бугун биз юк ташишларнинг барқарор ўсишига эришдик, икки томонлама ва транзит ташишлар учун қулай шароитлар яратишга келишдик.

Юк ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш мақсадида транспорт инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни тезлаштиришга аҳдлашиб олдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентлар парламентлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

– Олий даражадаги барча келишувлар ижросини мониторинг қилиш учун Парламентлараро кенгаш имкониятларидан фойдаланиш зарур, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Президентимиз Остона шаҳри марказида буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳафкалини ўрнатиш ҳақида қарор қабул қилингани учун миннатдорлик билдирди.

– Бу умумий тарихимиз ва маданиятимизга катта эҳтиромнинг ёрқин тасдиғи, қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари абадийлиги рамзидир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари умумий маданий-тарихий меросимизни ўрганиш ва оммалаштириш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, шу мақсадда ТВ, радио ва веб-сайтдан иборат қўшма ахборот ресурсини ташкил этиш, буюк ёзувчи ва шоирларимиз асарларини нашр қилишни таклиф этди.

Музокаралар якунида икки давлат ҳукуматларига эришилган барча келишувлар ижросини қатъий назоратга олиш ва тегишли “йўл харитаси”ни келишиш топширилди.

www.president.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan