Cуднинг мустақиллиги адолатли давлат ва жамиятнинг мустаҳкам асосидир – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини “Янги Ўзбекистон” боғида тинглаш шарафига муяссар бўлганимдан бағоят бахтиёрман.

Меҳнат фаолиятининг 30 йилдан ортиғини давлатнинг суд ҳокимияти тизимида ва низоларни муқобил ҳал қилувчи нодавлат органлар – ҳакамлик судлари ва халқаро тижорат арбитражида ўтказган, икки мингдан ортиқ ҳал қилув қарори қабул қилган судья сифатида менда Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган давлатдир”, – деган сўзлари жуда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган 5 та асосий вазифалардан иккинчиси сифатида “суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим” – деб таъкидланганлиги ҳамда унинг аниқ ечими кўрсатилганлиги диққатга сазовор.

Бунинг учун: биринчидан, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши; иккинчидан, судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши; учинчидан, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилиши керак. 

Энг асосийси “қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши ҳамда судьяларнинг мустақиллиги, улар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги Конституцияда белгиланган.

Хусусан, судьялар мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунадилар, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:

уларни қонунда белгиланган тартибда лавозимга сайлаш, тайинлаш, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш;

судьянинг дахлсизлиги;

одил судловни амалга оширишдаги қатъий тартиб-таомил;

қарорларни чиқариш чоғида судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;

судьяга ҳурматсизлик қилганлик, одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятга аралашганлик ва судьянинг дахлсизлигини бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик;

судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.

Шунингдек, судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишга йўл қўйилмайди ҳамда судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлади.

Судьянинг дахлсизлиги — унинг турар жойига, хизмат хонасига, у фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт. Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. 

Судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни талаб қилиш, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга ҳақли эмас.

Демак, мамлакатимизда  суд ва судьялар мустақиллигининг ҳуқуқий асослари яратилган ҳамда такомиллаштирилиб борилмоқда. 

Лекин судья одил судловни амалга оширишда ҳақиқий мустақил бўлиши учун нималарга эътибор бериш керак? 

Шу ўринда 2000 йилларнинг бошида Германияга хизмат сафари давомида Бремен округ суди биносидаги суд мажлиси хонасида судьялар учун мўлжалланган учта стулдаги эски немис ёзувлари диққатимизни тортди ва мутахассисдан уни таржима қилиб беришни сўрадик. Аён бўлдики ўриндиқлар XIX аср ўрталарига тааллуқли бўлиб, уларнинг биринчисида “одил судловни амалга ошир”, иккинчисида – “ҳеч кимдан қўрқма” ва учинчисида – “худодан қўрқ” деган ёзувлар битилган экан.. 

Бу сўзлар, фикримизча, судьянинг ички мустақиллигини ифода этишга қаратилган бўлиб, биринчидан, одил судловни амалга ошириш — етарли билим, малака ва тажрибага эга бўлиш лозимлигини англатса, иккинчидан, ҳеч кимдан қўрқмаслик — мардлик, ҳалоллик, мустаҳкам ирода, матонат, жасорат ва шижоатни талаб қилади, учинчидан,“худодан қўрқ” дегани эса судьялик қасамёдига, яъни зиммасига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчи ва виждони буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга даъват этиш демакдир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириб келинаётган изчил, тизимли ва кенг кўламдаги ислоҳотлардан пировард мақсад — бу суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш орқали ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат ҳамда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган очиқ, адолатли ва баркамол фуқаролик жамиятини барпо қилишдан иборат.

Фозилжон Отахонов,

халқаро арбитр, юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan