Дунёда ҳар бир давлат ўзининг ривожланиш қонуниятига эга бўлади. Албатта, бу жараён узоқ муддатли, эволюцион динамикага эга тарзда амалга оширилади, ривожланади, такомиллашади. Муайян давлат ва жамиятдаги янгича ривожланиш имкониятларига эришишнинг турли сиёсий технологиялари ҳамда дастурлари, шу билан бирга, унинг сиёсий институтлари фаолиятига боғлиқ. Демократиянинг муайян давлатда қарор топиши ва ривожланиши ўзига хос омилларга боғлиқ ҳолда кечади. Боиси, бугун дунё глобаллашув ҳамда ахборотларнинг таъсири ва кўлами соат сайин ўзгараётган даврда, мамлакатларнинг замонавийлик муносабатларидаги ўрни ўз навбатида мамлакатнинг сиёсий институтларининг фаоллиги даражасига жиддий боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг сиёсий нуфузига эга бўлишининг ортида мамлакатдаги бошқарувнинг самарали фаолияти ҳамда давлат ва жамият муносабатларида демократик тамойилларни устунлигига бўлган эътиборнинг натижаси ётибди десак, хато қилмаган бўламиз. Демократик институтларнинг фаоллашуви ва уларнинг замонавий ривожланиш тенденциялари билан ҳамнафас тарзда фаолият кўрсатишида асосий сиёсий институт ҳисобланмиш-давлатнинг ислоҳотчилик мазмунидаги ташаббуси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейнги йилларда Ўзбекистонда сиёсий институтлар ва давлат бошқаруви органлари фаолиятида янги йўналишлар, инстуционал ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу жараён нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда қисқа муддатда демократиянинг самарадорлигига эриша олган давлат сифатида хорижий давлатлар ва нуфузли ташкилотларнинг эътирофига сабаб бўлмоқда.
Президентнинг парламентга Мурожаатномаси Марказий Осиё тарихида демократия ривожида янгича сиёсий феномен ҳисобланади. Шу боис, Мурожаатномани бутун бир давлат бошқарувининг йиллик ишлари сарҳисоби ҳамда кейинги ривожланишнинг стратегик, таҳлилий, амалий дастури сифатида эътироф этсак бўлади.
Бу тизимнинг энг муҳим жиҳати шундаки, фуқароларнинг манфаатлари ва мақсадларида давлат бошқаруви миқёсидаги аҳамияти кўрсатиб беришнинг, шаффоф, очиқ оптимал кўриниши эга эканлигидир. Президентнинг парламентга Мурожатномаси биринчи марта АҚШда 1790 йилда жорий этилган. Ушбу мамлакат қонунчилигига кўра, Президент ҳар йилли январ ойида Конгрессга мурожаат қилади. АҚШ конституциясининг 3-бўлимида “Президент вақти-вақти билан Конгрессга ҳукумат фаолиятининг ҳолати тўғрисида маълумот беради ва уни кўриб чиқиш учун зарур ва тегишли деб ҳисоблаган чораларни тавсия қилади” деб эътироф этилган. Марказий Осиёда биринчи марта Президентнинг Мурожаатномаси айнан Ўзбекистонда қўлланилган. Бугунгача Президент тўрт марта Мурожаатнома йўллаган:
— 2017 йил 22 декабрда;
— 2018 йил 28 декабрда;
— 2020 йил 24 январда;
— 2020 йил 29 декабрда.
Унинг самарали механизм сифатида ушбу тажрибадан Қозоғистон Республикаси ҳам фойдланмоқда (Ж.Тўқаев, 2022 йил 1 февралда).
2022 йилги Президентнинг парламентга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида асосий масала Янги Ўзбекистонда ҳалқпарвар давлат қуришнинг аниқ стратегик вазифаларини белгилаш ҳамда уни амалга оширишнинг механизмлари кўрсатиб ўтилгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Халқпарвар давлатининг қуришнинг асосий мазмунини Президент Шавкат Мирзиёев “Глобаллашиб бораётган дунёда, тинчлик ва барқарорликка қарши турли таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда халқимиз ҳаётидаги ўзгаришлар ва уларнинг тадрижий ривожланиш даражаси, ушбу жараёнга хос умумий қонуниятларнинг амалга ошириш ва бу билан боғлиқ ўзига хос миллий хусусиятларга алоҳида эътибор қаратиш лозим” дея ифодалаган эди. Хусусан, бу йилги мурожаатномада қуйидаги асосий йўналишларда ислоҳотлар, дастур ва вазифалар бажарилишига эътибор қаратилди:
– Мамлакатнинг таълим соҳасининг ривожлантиришнинг илғор хорижий тажрибларини ўрганиш, уни татбиқ этиш, бу жараённи амалга оширишни марказий ва маҳаллий даражада мониторинг қилишнинг аниқ механизмини ривожлантириш;
Давлат бошқарувининг турли соҳаларини ислоҳ қилиш, уларнинг оптималлаштиришнинг энг самарли усулларидан фойдаланиш;
Фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини қайта такомиллаштириш, барча низоли ҳолатларни олдини олиш, бунда асосий мезон-Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиши шартлиги;
Кадрларни тайёрлаш ва ишга қабул қилишнинг аниқ, шаффоф, очиқ, манфаатлар тўқнашувларисиз, инсон омилисиз тизимини янги босқичга кўтариш ва унинг кўламини кенгайтириш;
Мамлакатимизда парламентнинг ролини янада ошириш ҳамда уни давлат бошқарувини янада мустаҳкамлашдаги ўрни ва ролини ошириш;
Маҳаллий бошқарув тизими ҳамда маҳаллаларнинг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, мавжуд камчиликлар бартараф этиш ҳамда соҳага жавобгар бошқарув тизимини шакллантириш;
Инсон омили, унинг қадри масаласи-Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигининг асосий индекси сифатида эътироф этилиши;
Ўзбекистонда тадбиркорликнинг ривожлантириш бўйича ҳеч қандай суъний тўсиқларсиз назорат ва ривожлантириш тизимини шакллантириш;
Ёшларнинг тарбиялашга маъсул ташкилотлар кўламини ва ҳамкорлигини кенгайтириш, турли хил ёт ғоялардан ҳимоялашнинг аниқ йўналтирилган тизимини янада ривожлантиришни жадаллаштириш.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасини мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлайдиган дастурий ҳужжат сифатида кўрсатиш мумкин. Зеро, кучли давлат ва жамият қуриш, аввало аниқ белгиланган мақсадларни белгилаб олиш асосида амалга оширилади.
Ғолиб Маҳаммаджанов,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти ходими