Гендер-ҳуқуқий экспертиза ўтказиш тартиби бўйича семинар-тренинг ўтказилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорлигида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби»га бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси масъул ходимлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти экспертлари иштирок этишди. Унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда иштирок этувчи давлат органлари мутахассисларининг гендер-ҳуқуқий экспертизани ўтказиш бўйича билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Семинарни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директорининг ўринбосари Раҳима Назаровалар кириш сўзлари билан очиб берди.

Семинар тренерлари Гулноза Сатторова – Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи ҳамда Гулнора Ишанханова – Халқаро юристлар комиссияси комиссари томонидан гендер-ҳуқуқий экспертизани ўтказишга қўйиладиган талаблар, уни ўтказиш тартиби ва босқичлари ҳамда экспертлик хулосасини тайёрлаш аниқ мисоллар ва кўргазмали қуроллар воситасида тингловчиларга тушунтирилди.

Шунингдек, гендер-ҳуқуқий экспертиза орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасининг жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситиш хавфи юзага келтирувчи нормалар ва уларни оқибатларини умумий баҳолаш, энг муҳими, аниқланган, камситишларга йўл қўядиган меъёрларни бартараф этиш йўллари ва услублари намойиш этилди.

Қонунчиликда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган асосий восита норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ҳисобланади. Гендер-ҳуқуқий экспертиза – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилишдир. Айнан шу инструмент аёллар ва эркаклар тенглигини ҳуқуқий таъминлашнинг самарали механизмига айланиши мумкин.

Семинар тренинг якунида иштирокчиларга «Гендер-ҳуқуқий экспертиза» амалий қўлланмаси тарқатилди.

www.xs.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan