Кейинги йилларда Ўзбекистон барча йўналишларда очиқ, дўстона ва фаол ташқи сиёсий фаолият олиб бормоқда. Бунда парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу тариқа, бир қатор хорижий давлатлар билан парламентлараро алоқалар тобора ривожланмоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларни қамраб олган ҳолда жадал тараққий этмоқда.
2021 йил 4 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Қозоғистон Республикаси Сенати Раиси Маулен Aшимбаев бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашди.
Мулоқот аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Қозоғистон Республикаси Сенати Раисини юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш фаолиятига муваффақият тилади.
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қўшнилар, вақт синовидан ўтган ҳамкорлардир. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб бормоқда. Турли даражадаги алоқаларнинг фаоллашуви мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини англатади.
Мулоқот чоғида меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида гапириб берилди.
Ўз навбатида, Қозоғистон Республикаси Сенати Раиси М.Aшимбаев самимий учрашув ва суҳбат учун миннатдорлик билдириб, конструктив ва амалий руҳдаги мулоқотларни изчил давом эттириш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги иш бирлигини кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини тобора кенгайиб бораётгани хусусида сўз юритилди.
Мулоқотда Н. Исмоилов Қозоғистон парламенти вакилларини Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси доирасида шу йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Барқарор мақсадларга эришишда парламентлараро глобал шериклик” мавзуидаги халқаро форумга, 2021 йил 12-13 август кунлари эса Тошкентда бўлиб ўтадиган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясига таклиф этди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга келишиб олдилар.