Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан Сенат Раисининг фикрлари: – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан Сенат Раисининг фикрлари:

Шу йилнинг 25 октябрида Давлат раҳбарининг 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилашга оид қарори қабул қилинди.

Қарийб 5 300 та маҳаллани янада обод қилиш, хусусан, уларда ички йўллар, мактаб, боғча каби муҳим ижтимоий объектлар ҳолатини яхшилаш ва бугунги кунда кўпчиликнинг ташвишига сабаб бўлаётган долзарб муаммолар – электр, газ, сув таъминотини талаб даражасида йўлга қўйиш мақсад қилинди.
Ҳудудлар манфаати нуқтаи назаридан Сенат Кенгаши қарори билан бу борада белгиланган лойиҳалар ижросини назорат қилиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Ноябрь ойидан бошлаб бугунга қадар ҳар биримиз бириктирилган ҳудудлардаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан учрашдик, лойиҳалар бўйича ишлар ҳолатини кўрдик ва бу жараён давом этмоқда.
Қайд этиш керак, мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар бошланган. Хусусан, тасдиқланган дастурлар доирасида 6 мингдан зиёд лойиҳанинг смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, мингдан зиёд объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш учун республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга 1,7 трлн сўм маблағ ўтказилган.
Умуман икки йил давомида (2022-23 йй.) мазкур мақсадларга 
7 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратиш назарда тутилгани ҳам белгиланган ишлар кўлами қанчалик кенг эканлигини англатади.
Бу борадаги ишлар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши бизнинг доимий диққатимиз марказида бўлиши зарур.
Сенаторларимиз жойларга чиққан, қолаверса, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳузурида ташкил қилинган алоҳида ишчи гуруҳ томонидан бу борада дастлабки ўрганишлар, таҳлиллар олиб борилган.
Қайд этиш керак, ўрганиш ишлари бошида айрим муаммоли масалаларга ҳам дуч келинган. 
Сизларга тарқатилган маълумотларда улар аниқ номма-ном кўрсатилган. 
Ўз навбатида, ушбу муаммолар бўйича ҳудудлардаги ишчи гуруҳларимиз томонидан жойида чора кўрилиб, тегишли таклифлар ҳам билдирилган. Ушбу муаммолар бугунги кунга келиб, ҳал қилинган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, Ҳукумат томонидан ушбу йўналишда кунлик назорат ўрнатилган.
Бугунги муҳокамадан мақсад, конкрет кимнидир танқид ёки жавобгар қилиш эмас, бу борадаги тизимли масалалар бўйича фикрлашиш. Нимагаки, асосий иш энди бошланади.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan