Ислоҳотлар силсиласи: давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги парламентнинг ролини оширишда илмий тадқиқот муассасаларининг ўрни – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

  Жорий йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилганлигининг беш йиллиги муносабати билан Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш давр талаби мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

  Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари; Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети, Давлат бошқаруви академияси, Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

  Давра суҳбатида таъкидланганидек, Институт Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббусига биноан Олий Мажлис палаталарининг 2017 йил 29 декабрдаги Қўшма қарори асосида ташкил этилган.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ўз кириш сўзида Қонунчилик муаммолари институтининг ташкил этилиши Янги Ўзбекистонда миллий парламентимиз фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасида катта қадамлардан бири бўлганлиги, сўнгги беш йилда қабул қилинган қонунларнинг сифат жиҳатидан мукаммал бўлишида Институтнинг илмий тадқиқот муассасаси сифатида парламентга кўрсатаётган илмий хизмати беқиёс эканлигини эътироф этди.

  Шунингдек, А.Саидов ўз сўзида “Институт конституциявий ислоҳотлар жараёнида Олий Мажлис палаталари ва Конституциявий комиссияга фуқаролардан келган таклифларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш жараёнида яқиндан ёрдам бериб келаётганлигини эътироф этган ҳолда, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида назарда тутилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда, қонун ижодкорлигининг илмий-назарий асосларини такомиллаштиришда, муҳим соҳаларни кодификациялаштириш жараёнида ҳам парламентга кўмакчи бўлиши зарур. Институт мамлакатимизда қонунчилик соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш учун масъул бўлган қонуншунослар жамоаси эканлигини доим ёдда тутиш керак”, – дея таъкидлади.

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси О.Иминов ҳам Институт ташкил этилган дастлабки йиллардан бошлаб парламентнинг энг яқин кўмакчиси сифатида кенг кўламли тадқиқотларни амалга оширганлиги, парламент палаталарининг фаолиятини янада такомиллаштириш, иш услубини замонавийлаштириш борасида Институт томонидан ишлаб чиқилган таклифлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

  Шундан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни халқимиз ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида парламент палаталари томонидан амалга оширилиши тавсия этилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикрлар билдириб, Институтнинг 2018-2022 йиллардаги фаолият якунлари юзасидан батафсил маълумотлар бериб ўтди. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида Институт томонидан парламент палаталарига 589 та ахборот-таҳлилий маълумотнома, амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 217 та илмий хулоса, парламент фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 139 та таклиф тайёрланиб, тақдим этилди. Институт парламент палаталари девонлари Юридик бошқармаларига кўмаклашган ҳолда парламент палаталарининг 31 та қарорлари (шундан 11 таси қўшма қарор, 12 таси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва 8 таси Сенат Кенгашининг қарори)ни тайёрлашда яқиндан кўмаклашди. Институт томонидан парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, қонунчиликдаги турли муаммоларни муҳокама қилишга қаратилган 258 та давра суҳбатлари, илмий семинар ва конференциялар ташкил этилди.

   Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугунги кунда Институт 12 та нуфузли халқаро ташкилот билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида халқаро ҳамкорлар билан биргаликда 57 та илмий-амалий конференция ва давра суҳбатлари ўтказилиб, Институт ходимлари Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, АҚШ, Туркия, Германия каби давлатларда хизмат сафарларида бўлиб, уларнинг қонунчилик тажрибалари билан яқиндан танишишди.

   Маълумки, Институт Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Mening fikrim” электрон жамоавий мурожаатлар порталининг модератори ҳисобланади. 2018-2022 йиллар давомида фуқаролардан келиб тушган жами 6 мингга яқин мурожаатлар Институт томонидан дастлабки экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 354 таси
веб-порталга жойлаштирилди ҳамда 5 мингдан зиёд мурожаатлар ташаббускорларнинг “Mening fikrim” веб-порталидаги шахсий кабинетига электрон жамоавий мурожаатни жойлаштиришни рад этиш ҳақидаги хабарлар етказилди.

  Институт тузилмасида ташкил этилган БМТ ўқув маркази томонидан 2021-2022 йиллар мобайнида 4 мингга яқин халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, шунингдек Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзоларига махсус дарс машғулотлари ўтилди.

 2021-2022 йилларда Институт муассислигидаги “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” журналининг 8 та сони ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилди.

   Шунингдек, Институт томонидан ўтган йиллар мобайнида парламент аъзоларининг фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида 14 та илмий-амалий қўлланмалар чоп этилди ва кенг жамоатчиликка тарқатилди.

   Таъкидлаш жоизки, Институт ходимлари 578 маротаба сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва таҳлилий телекўрсатувларда, 356 маротаба радиоэшиттиришларда қатнашишди, марказий босма нашрларда илмий ходимларнинг 300 дан зиёд таҳлилий мақолалари эълон қилинди.

  Шундан сўнг сўз олган иштирокчилар Институт фаолиятининг айрим жиҳатлариҳақида ўз муносабатларини билдиришди. Хусусан:

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Д.Файзиева Институт Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2022 йилдаги фаолиятини мунтазам равишда зарурий таҳлилий маълумотлар билан таъминлаб келганлиги, Институт билан ҳамкорликда 3 маротаба юқори аҳамиятга эга бўлган миллий ва халқаро тадбирлар ўтказилганлигини эътироф этди.

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси Р.Алимов ҳам Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолияти самарадорлиги Институт томонидан кўрсатилаётган илмий хизматнинг сифатига боғлиқ эканлигини, 2022 йилда Институт томонидан Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасига 7 та ахборот-таҳлилий маълумот, Қонунчилик палатасидан юборилган 1 та қонун бўйича илмий хулоса тайёрланиб тақдим этилганлиги, шунингдек Институт билан ҳамкорликда 2 та нуфузли тадбир ўтказилганлигини қайд этиб ўтди.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори Х.Хайитов Институт жамоасининг ютуқлари, аввало, Институтда иш фаолиятининг замонавий талаблар асосида жорий этилганлигига боғлиқлигини таъкидлаб, илмий жамоанинг келгусиаги ишларига омад ва зафарлар тилади.

  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори Б.Самарходжаев Институтнинг бугунги кунда қонун ижодкорлиги жараёнидаги нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, сўнгги беш йилда Институт томонидан нафақат парламент фаолиятини, балки ҳуқуқнинг турли соҳаларини ривожлантиришга қаратилган илмий таклиф ва тавсияларининг ҳаётга татбиқ этилиб борилаётганлиги ўзбеки юриспруденция соҳасининг келгуси тараққиёти учун муҳим эканлигини эътироф этди.

 Тошкент давлат юридик университети профессори З.Эсанова Институтнинг 2022 йилдаги фаолияти салмоқли эканлиги, илмий ходимларнинг илмий тадқиқот фаолиятини эркин амалга ошириш учун яратиб берилган имкониятлар таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этиб ўтди.

 Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири В.Давлятов ҳам Институтнинг парламентга кўрсатаётган илмий хизмати қабул қилинаётган қонунларнинг сифат жиҳатдан ўсиб бораётганлигида кўринаётганлиги ҳақида тўхталиб, Институтнинг келгусида илмий-амалий ва фундаментал тадқиқотларни муваффақиятли амалга оширишига тилакдош эканлигини таъкидлади.

 Давра суҳбатида сўз олган парламент аъзолари томонидан Институтнинг ўтган йиллардаги кенг кўламли фаолияти қониқарли эканлиги, истиқболда Институтнинг фаолиятида, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият ишларини бошқаришда парламентнинг ролини кучайтиришга қаратилган фикрларини ҳаётга татбиқ этиш борасида қуйидаги устувор вазифаларга эътибор қаратишни зарурлиги қайд этилди:

 биринчи, парламент палаталарининг Мурожаатномадан келиб чиқадиган барча соҳаларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг жойларда ижросини таъминлаш бўйича парламент томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш каби жараёнлардаги фаолиятини Институт жамоаси ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаши;

 иккинчи, Конституциямизни такомиллаштиришдек масъулиятли вазифани амалга оширишда Институт Қонунчилик палатаси қўмиталарига ва Конституциявий комиссияга яқиндан кўмаклашиши;

 учинчидан, Олий Мажлис палаталарининг ваколатлари кенгайтирилаётганлиги сабабли Институт халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган давлатлар қонунчилиги ва илғор тажрибаларини ўрганиб, умумлаштириб, таҳлил қилиб, парламентимизнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида илмий асослантирилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиши;

  тўртинчи, Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида Институт маъмурий ислоҳотларни мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳамиятини тушунтириш ишларида илмий ходимларимиз иштирокини таъминлаш; иккинчидан, ислоҳотларнинг кейинги босқичини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ташкилий-ҳуқуқий асосмларини такомиллаштиришга оид фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб бориши;

  бешинчи, Мурожаатномада таъкидланган яна бир муҳим йўналиш – “ижтимоий давлат”нинг ҳуқуқий табиати, тушунчаси, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини назарий-ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш масаласи Институт жамоасининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Институт Йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan