Аҳолининг таълим олиши ва меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Дастлаб депутатлар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич оширишга қаратилган ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Мазкур ҳужжат билан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига банк устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич беш юз миллиард сўмгача ошириш юзасидан тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Киритилаётган ўзгартиришлар аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга омонат(депозит) жойлаштиришни рағбатлантиради, тижорий ва бошқа кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, банк хизматлари ҳажмининг ошишига ёрдам беради.

ЎзЛиДеП мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида молиявий бозорнинг барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, банк тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва барқарорлигини, банклар капитализациясини ва депозит базаси даражасини таъминлаш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш тарафдори.

Депутатларнинг айтишича, партия учун банк секторида ислоҳотларни чуқурлаштиришдан кўзланган энг муҳим мақсад – аҳолининг банк тизимига ишончини ошириш, жамғармаларни ва уларнинг инвестицияларга ўтказилишини рағбатлантиришдир.

Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иқтисодиётни таркибий ўзгартириш жараёнларида уларнинг иштирокини кенгайтиришга, шунингдек, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали банк секторига стратегик хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Шундан сўнг, “Молиявий истеъмол кредитини ажратиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши молиявий истеъмол кредитлари бериш тартибини такомиллаштириш ва соддалаштириш, аҳолининг таълим олиш, меҳнат қилиш ва турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, уни янада такомиллаштириш, маромига етказиш бўйича бир қатор таклифларни билдирди. Қизғин муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг, ушбу ҳужжат депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan