“Сингапур мўъжизаси”нинг сири – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сингапур – “мўъжизакор юрт”, “Осиё йўлбарси” атамалари билан аталиши бежиз эмас. Ўтган асрнинг 70-йилларига қадар энг қашшоқ давлатлардан бири саналган ушбу давлат қисқа фурсат ичида дунёдаги энг тараққий этган давлатлар  қаторига қўшилди.

Жанубий Шарқий Осиёда жойлашган ушбу давлат бор-йўғи 733,2 км² майдонга эга. У дастлаб 1951 йилда Британия империяси таркибида автоном давлат сифатида вужудга келган. 1963 йилда эса Малайзия билан ягона федерацияга бирлашган ва фақатгина 1965 йилга келиб Малайзиядан ажралиб чиқиб, ўзининг тўлиқ мустақиллигини эълон қилган эди.

Албатта, ўта қолоқ, “учинчи” дунё мамлакатининг қисқа вақт ичида ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига турли омиллар сабаб бўлди. Бунда, айниқса, моҳир ва донишманд етакчи, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ли Куан Юнинг хизматлари жуда катта. Айнан унинг кенг қамровли ислоҳотлари туфайли Сингапур шу даражага юксак тараққиёт чўққисига эришди. Тўғри танланган стратегия ва унга мос равишда амалга оширилган аниқ тактика ўз самарасини берди.

Тараққиётнинг драйверлари сифатида молия, транспорт хизматлари, логистика, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ва илғор техонологияларни ривожлантириш каби 7 та асосий йўналишнинг танлаб олинганлиги пировард натижада ислоҳотларнинг улкан муваффақиятини таъминлади.

Ли Куан Ю ҳукуматининг иқтисодий ривожланиш стратегияси Сингапурни аввалига Жанубий-Шарқий Осиёнинг, вақт ўтиб эса глобал молиявий ва тижорат марказига айлантириш, шунингдек, хорижий инвесторларни кенг жалб қилишга асосланганди. Чунки, мамлакатда белгиланган ислоҳотларни ўтказиш учун етарлича маблағ зарур эди. Шу мақсадда хорижий тадбиркор ва сармоядорларга турли имтиёзлар берилди ва шу тариқа улар мамлакатга фаол жалб қилинди.

“Биз ҳар бир инвесторни қучоқ очиб кутиб олдик. Улар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари учун барча шароитларни муҳайё қилдик”, деб ёзган эди Ли Куан Ю. Ҳақиқатан ҳам, мамлакат раҳбарияти инвесторлар ишончини қозониш кўп ҳаракат қилди ва охир-оқибатда бунга эришди.

Параллел равишда Ли Куан Ю ҳукумати коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратди ва бу борада қатъий чоралар кўрди. Аввало, коррупцияга қарши курашиш борасида “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида”ги ҳамда “Коррупция, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа оғир жиноятлар тўғрисида”ги 2 та муҳим қонун қабул қилинди. Шу билан бирга, мамлакатда аҳоли ўртасида коррупция қарши кучли менталитет шакллантирилди ва бу жараён жамоатчилик томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Ушбу қатъий чора-тадбирлар натижасида Сингапурни коррупция ботқоғидан олиб чиқишга муваффақ бўлинди. Ҳозирда Сингапур коррупциядан энг холи мамлакатлар кучли бешталигидан мустаҳкам ўрин олган. Жумладан, “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил учун эълон қилинган рейтингда Сингапур коррупцияни идрок қилишда энг паст кўрсаткичли мамлакатлардан бири сифатида дунё миқёсида 3-ўринда (Дания ва Янги Зеландиядан кейин) қайд этилди. Бошқа ташкилотлар рейтингларида ҳам бу борада энг пешқадамлар қаторида туради.

Ҳозирда Сингапур юксак даражада тараққий топган давлат сифатида ўзида улкан иқтисодий, молиявий ва инсон капиталини мужассам этмоқда. Аҳолиси салкам 6 миллион кишини ташкил қилаётган мамлакатда ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми 379 миллиард долларга тенг бўлиб, йиллик даромад ҳар бир фуқарога 65 минг долларга яқин.

Сингапур мамлакатимиз мустақиллигини 1992 йил 27 декабрда тан олган. Дипломатик алоқалар 1997 йил 8 апрелда ўрнатилган. Ўтган йили дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги кенг нишонланди.

Ўзбекистон–Сингапур ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини 14 та ҳужжат ташкил қилади, улардан 6 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралараро ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлардир.

Икки мамлакат халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Сингапур БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган бир қатор резолюцияларни қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам БМТнинг турли тузилмаларида Сингапур номзодини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми динамикаси доимий ўсишда бўлиб, 2017 йилдаги 92,6 миллион доллардан 2022 йилда 143 миллион доллар (экспорт – $105 млн., импорт – $38 млн)га  етди.

Сингапурга, асосан, қора металлар ва улардан ясалган жиҳозлар, қурилиш материаллари, хизматлар ва бошқалар эскпорт қилинмоқда. Импорт таркибини эса, хизматлар, каучук, резина ва ундан ясалган жиҳозлар, оптика маҳсулотлари ва инструментлар, механика жиҳозлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқалар ташкил қилади.

Сингапурнинг мамлакатимиз иқтисодиёти киритаётган инвестициялари ҳажми ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. 2016–2022 йилларда Сингапурнинг инвестициялари жами 700 млн долларни ташкил этган.

Лекин бу рақамлар мавжуд имкониятлар даражасидан анча паст бўлиб, ҳали биргаликда кўплаб истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш мумкин.

Икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар соҳада делегациялар алмашинуви мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Чунончи Сингапур ижодий жамоалари Самарқандда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалларида доимий равишда иштирок этиб келмоқда.

Таълим соҳаси ўзбек-сингапур ҳамкорлигининг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. 2008 йилдан бери Тошкент шаҳрида Сингапур менежментни ривожлантириш институти (MDIS)фаолият юритмоқда. 2021 йилда Сингапурдаги Технологиялар менежмент ва коммуникациялар Академиясининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси ҳамда Сингапур Миллий университети тизимидаги Ли Куан Ю Давлат сиёсати мактаби, шунингдек, Сингапур Давлат хизмати коллежи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Дастлабки келишувга кўра, 2023 йил мобайнида 200 нафарга яқин давлат хизматчилари, шунингдек, 15 нафар академиянинг профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари юқоридаги таълим муассасаларида малака оширади ва стажировкадан ўтади.

Шу билан бирга, маданий-гуманитар соҳада, шунингдек бошқа кўплаб лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқдаки, улар икки мамлакат тараққиётига хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги пағонага олиб чиқишга хизмат қилади. Зеро, ташриф доирасида бир неча миллиард долларга яқин қўшма лойиҳалар имзоланди.

Ишончим комилки, ушбу тарихий ташриф келажакда икки мамлакатнинг янада яқин алоқаларида янги босқични бошлаб беради. Айниқса, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини диверсификация қилиш, жаҳоннинг муҳим ва стратегик ҳисобланган Жануби-Шарқий Осиё минтақасига жадал кириб боришига хизмат қилади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламетлараро

 алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan