Норинда “маҳаллабай” ишлаш тизими қай аҳволда? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Туманда жами 166,7 минг нафар аҳоли, 31 минг 801 та хонадон бўлиб, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 68,2 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 4656 нафари ёки 10,9 фоизи ишсизлар ҳисобланади. Тумандаги 57 та маҳалла фуқаролар йиғиниларидан 15 таси яшил, 30 таси сариқ ҳамда 12 таси қизил ҳудудларга ажратилган.

2021 йилда 174 та оила “Темир дафтар”га киритилган, “Аёллар дафтари”да 2012 нафар ва “Ёшлар дафтари”да эса 3098 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар мавжуд.

Туманда “маҳаллабай” тизими асосида иш ташкил қилиш бўйича 57 та маҳаллага иқтисодий мажмуадан жами 151 нафар малакали ходимлар доимий вакил сифатида бириктирилган. Маҳаллалар ихтисослашувидан келиб чиқиб аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш бўйича “драйвер” соҳалар аниқланган.

Ҳар бир секторда “бошқарув офислари” тузилган. Улар томонидан “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”даги эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг тадбиркорликни бошлаш, кредит ва бошқа масалалардаги муаммоларини мувофиқлаштирувчи гуруҳга киритиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунга қадар 22 минг 663 та хонадон хатловдан ўтказилиб, уларда 4892 та муаммолар аниқланган, шундан 2943 таси ҳал этилган. Аниқланган муаммолар асосан ишга жойлаштириш, моддий ёрдам, банк кредити олиш, соғлиғини тиклашга амалий ёрдам, ер масаласи, кўчани асфальтлаш, газ, сув масалаларига тўғри келади.

Ўтказилган сўровлар натижасида тумандаги 1964 та хонадон эгаларининг “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида банк кредити олиш бўйича талаблари аниқланиб, ҳозирги кунгача жами 1016 та оилага 11 млрд. 962 млн. сўм банк кредитлари берилган. Банк кредитлари парранда, қўй, қорамол, қуён, асалари, тикув машинаси сотиб олишга, иссиқхона қуришга ва қандолатчиликни йўлга қўйишга йўналтирилган.

Қизил худудга кирган 12 та МФЙларининг ҳар бирида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсишини ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилиб, ушбу МФЙларида тадбиркорлик субъектлари сонини кўпайтириш орқали кўзланган мақсадга эришиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, туманда тикувчилик йўналиши асосий “драйвер” соҳа сифатида танланиб, 57 та МФЙда тикувчилик йўналишида 47 та ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилиб, субсидия асосида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 минг 460 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш белгилаб олинган. Ушбу режаларни амалга ошириш мақсадида 6 та тикувчиликка ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш кооперативлари 726 млн. сўм субсидия маблағлари ҳисобига иш бошлаган ва 296 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланган.

Тумандаги “Ёшлар дафтари”га киритилган 728 нафар фуқарога 147,5 гектар ер майдони, ўртача 20 сотихдан ажратиб берилган. Ёшлар томонидан ушбу майдонга экин экиш ишлари бошланган.

Шу билан бирга, ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари орқали 317 нафар ишсизлар касбга ўқитилмоқда ва шу мақсадда қўшимча яна 4 та ўқув марказлари ташкил этиш ишлари бошланган.

Ишонамизки, йил охирига қадар белгиланган вазифалар ўз ижросини топади ва пировардда аҳолининг, айниқса ёшларнинг турмуш даражасини оширишга эришилади.

 

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan