Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Сингапур: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини таъкидлаб, ҳамкорликнинг кейинги босқичида миллий парламент олдида турган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаб олишда илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш лозимлигини қайд этди.
Давра суҳбатида парламент қуйи палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев маъруза қилди:
— Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1997 йил 8 апрелда ўрнатилган. Икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини 14 та ҳужжат ташкил қилади. Улардан 6 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралараро ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлардир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Сингапур ўртасида товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошиб, 2022 йилда 143 миллион долларни ташкил этди. Юртимизда Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 карра кўпайди. Ушбу мамлакатдан мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 700 миллион долларга етди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга қилган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очди. Хусусан, делегациялар раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилди. Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, тадбир давомида Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими Нозим Ҳасановнинг “Сингапур давлатининг сув тежаш соҳасидаги тажрибаси” мавзусидаги ва бошқа қатор экспертларнинг Ўзбекистон-Сингапур алоқалари истиқболларига доир маърузалари тингланди.
Давра суҳбатида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Сингапур парламенти” номли тўпламнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Институт директори Фозилжон Отахонов дунё мамлакатлари парламентлари ҳақидаги тўпламлар нашр этилаётганини қайд этиб, бу гал “Сингапур парламенти” тўплами нашр этилгани ва мазкур тўпламда Сингапур парламенти, унинг бошқарув аппарати, еттита доимий қўмита, вақтинчалик махсус қўмиталар, тадқиқот департаменти ва бошқа таркибий бўлинмалар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижалари ўз ифодасини топганлиги ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.
Тадбирда сенаторлар, депутатлар ва экспертларнинг Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатлар, хусусан, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.