Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Тадбирда сенаторлар, Миллий кенгаш аъзолари — мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, мазкур соҳаларни тартибга солиш бўйича 10 дан ортиқ янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган. Ушбу ўзгаришлар давлат харидлари соҳасига ахборот технологияларини кенгроқ жалб қилиш орқали инсон омилини чеклаш, очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш, соҳада коррупцион хавф-хатарларни камайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ҳудудларда қурилиш соҳасида ўтказилган тендер ва давлат харидлари юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари атрофлича таҳлил қилинди. Жумладан, Жиззах, Андижон, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларидаги 59 та қурилиш объекти бўйича давлат харидларини амалга оширишда бир қатор молиявий хато ва камчиликлар, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги аниқланган. 

Ўрганиш натижалари бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотларга 13 та тақдимнома киритилиб, 25 та сўровнома ва 3 та огоҳлантириш хати юборилган. Мазкур сўровномалар бўйича прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда коррупциянинг олдини олишга қаратилган эслатма ҳамда тарғибот материаллари тайёрланиб, ҳар бир оилавий шифокорлик пункти, оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида тарқатилгани, “1203” қисқа рақами орқали фуқаролардан соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатлари бўйича мурожаат йўллаш имконият яратилганлиги қайд этилди.    

Қолаверса, Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишлар бўйича ўрганишлар натижалари ҳам таҳлил қилинди. Ўрганиш натижасида кадрларни ишга қабул қилишда очиқ танловлар асосида қабул қилиш тизими жорий қилинмаганлиги, тиббиёт соҳасида малака даражасига эга бўлган ва ўз соҳаси бўйича ишга жойлашиш истагида бўлган мутахассис кадрларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилмаганлиги, шунингдек, ўрганиш ва ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасида 2020 йилдан бугунги кунгача жами 50 млрд. сўмдан ортиқ қийматдаги молиявий хато-камчиликлар аниқлангани таъкидланди. Шунингдек, мазкур камчиликларни бартараф этиш ва ҳар икки соҳани коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича тегишли таклифлар билдирилди.

Йиғилишда Миллий кенгаш томонидан 2020 йил декабрь ойида тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитасининг ижро ҳолати ҳам муҳокама марказида бўлди.  

Қайд этилганидек, ушбу йўл харитаси асосида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси 7-моддаси, яъни сиёсий партияларни молиялаштиришда шаффофликни кучайтириш борасидаги қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартиш киритилди, Ўзбекистон бизнесининг Коррупцияга қарши курашиш Хартияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қолаверса, Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ўз аксини топди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларининг бажарилиши ҳолати мониторингини халқаро экспертлар томонидан ўтказилишини ташкил этиш чора-тадбирлари масаласи атрофлича муҳокама этилди. 

Шу муносабат билан мазкур мониторингни ўтказиш доирасида тегишли ташкилий ва ахборот-таҳлил фаолиятини амалга оширувчи Ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan