Ўзбекистон ва Қирғизистон: ўзаро муносабатларда янгича импульс – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Мақолалар

Шиддат билан ривожланиб бораётган халқаро майдонда ҳар бир давлатнинг яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш омили ҳар қанчонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Янги Ўзбекистон шароитида Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яқин қўшничилик орқали ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинди.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан илгари сурилган ғоялар ва яратилган янгича форматлар натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида конструктив мулоқот муҳити шаклланди.

Куни кеча мамлакатимиз раҳбарининг Қирғизистонга амалга оширган икки кунлик давлат ташрифи чин маънода тарихий воқелик бўлди.

Ташриф давомида давлатимиз етакчисининг «Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир», деган сўзлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий моҳиятини ташкил этади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг сиёсий иродаси, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникациялари самарадорлигини ошириш ва бошқа долзарб масалаларга ечим топилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома тузилганлиги минтақамизда қўлга киритилган ўзига хос дипломатик ютуқ бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича келишувларга эришилгани халқаро экспертлар орасида ижобий муносабат ва юқори баҳога сабаб бўлди. Уларнинг фикрича, икки дўст давлат ўртасидаги чегараларнинг қонуний тартибга солиниши минтақадаги чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этишнинг намунаси бўлиши мумкин.

Хусусан, “Atyab Foodtech” компанияси бош менежери Моҳиб Аҳмад Хон (Ўмон) «Ўзбекистон–Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома имзоланганлиги ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва чинакам қардошлик муносабатлари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади», дея фикр билдиради.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга эришилганлиги ҳам ўзбек ва қирғиз халқларининг узоқ йиллик орзулари амалга ошиши ҳисобланади.

Эндиликда Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга биргина ID-карта орқали киришлари мумкин.

2006 йил 3 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённомага кўра, фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.

Ушбу ташриф давомида қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан яна бири Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация бўлди. Бу, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожида янги даврнинг бошланишидир.

ПАРЛАМEНТЛАР ҲАМКОРЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧДА

Икки давлат ўртасидаги парламентлараро муносабатлар дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди, муаммоларга муросали ечим топиш ва низоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу маънода 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.

Шу ўринда икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари бугунги кунга келиб янги босқичга кўтарилди.

Парламентлараро ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.

Хусусан, ҳозирги кунга қадар 20 дан ортиқ парламентлараро делегациялар алмашинилган. 2020 йил 10 июлга келиб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғиз Республикаси Жокоргу Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия ташкил этилди. Шунингдек, парламентлараро «Марказий Осиё лидер аёлларининг минтақавий мулоқоти» доирасида ҳам кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 10 дан зиёд тадбирлар дўстона руҳда ўтмоқда.

Қардош давлатларнинг парламентлараро муносабатлари қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Қирғизистон Республикаси Жогору Кенеши Девони Тадқиқот маркази ўртасида 2018 йилда Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум доирасида парламент ақл марказлари (“think tank”) ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Жумладан, ўтган давр мобайнида парламентлар фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ўзига хослиги, қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда миллий қонунчиликни ривожлантириш борасида туркум тадбирлар ўтказилиб, гибрид форматда доимий мулоқот амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида ҳам ўзаро манфаатли амалга оширилаётган бўлиб, кун тартибига қўйилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинишида бир хил ёки яқин позицияни намоён этмоқда.

Шу нуқтаи назардан икки томонлама алоқалар ва ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, кўп қиррали шерикликни ривожлантиришда парламентларнинг имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш жуда муҳим.

Умуман олганда, шак-шубҳасиз, ҳозирги кундаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихан мисли кўрилмаган юқори даражада ривожланмоқда.

 

Жасур Худоберганов,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

ва парламент тадқиқотлари институти Илмий ҳамкорлик

ва халқаро алоқалар шўбаси мудири

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan