“Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ Ўқув маркази”нинг очилиш маросими – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ Ўқув маркази”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида 1400 дан зиёд иштирокчилар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Давлат бошқаруви академияси, Олий ва ўрта таълим вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги Илмий-методик марказ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Юристлар малакасини ошириш маркази, Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент давлат аграр университети, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Фарғона давлат университети, Андижон давлат университети, Наманган давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Самарқанд давлат чет тиллари университети, Бухоро давлат университети, Гулистон давлат университети, Қарши давлат университети, Қорақолпоқ давлат университети, Термиз давлат университети, Навоий давлат педагогика институти, Урганч давлат университети, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари котибияти ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов, Қонунчилик муаммолари институти директори Фозилжон Отахонов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Матильда Димовска, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Мухтабар Хусановалар кириш сўзи билан иштирок этди.

А.Бекмуродов Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ Ўқув маркази очилиши тўғрисида ўз фикрларини билдириб, мазкур Ўқув маркази ўз олдига мамлакатимизда парламентразимни янада ривожлантиришни мақсад қилиб қўйганлигини, мустақил мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, хусусан, Ўзбекистонда ривожланган парламентаризм мактабининг шакллантирилишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

М.Димовска демократик қадриятлар ва анъаналарни рўёбга чиқариш, давлат ва жамият бошқарувида қонун устуворлигини таъминлаш кучли парламентнинг фаолиятига бевосита боғлиқ эканлиги, шу сабабли, парламентаризмни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, парламентарийларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, у сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли ва таъсирчан назоратини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини эътироф этди. Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасида БМТ Ўқув марказининг ташкил этилаётганлиги ҳам Давлат раҳбарининг бу борадаги ташаббусларидан бири ҳисобланади. Ўқув марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистонда парламентаризмни янада ривожлантириш асносида миллий парламентни парламентаризм бўйича бой билим ва тажрибага эга бўлган парламентарийлар билан таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

М.Хусанова бугунги кунда айнан шундай Ўқув марказининг ташкил этилаётганлиги, биринчидан, парламентаризм соҳасида депутатлар фаолиятининг илмий жиҳатдан такомиллашуви борасида ўзига хос ўрин эгаллашини, иккинчидан, ушбу Ўқув марказда тингловчи сифатида иштирок этаётган ҳар бир иштирокчининг билим ва кўникмаларини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Ф.Отахонов ўзининг тақдимотида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгиланган Институт ҳузуридаги Ўқув марказнинг асосий мақсад ва вазифаларини айтиб ўтиб, депутатлик корпуси, сенаторлар, Олий Мажлис палаталари девони ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари, котибият ходимлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутахассисларини парламентаризм, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқлари каби масалаларда профессионал салоҳиятини ошириш эканлиги тўғрисида иштирокчиларга атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, мазкур марказнинг мақсади сифатида қонун ижодкорлиги, парламент назорати, фуқароларнинг манфаатларини ифода этиш ва халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш юкини мақбуллаштириш ҳамда тегишли йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ичида ва унинг ташқарисида масофавий ўқитиш учун таълим модуллари ва дастурларини ўз ичига олган ҳамда «Электрон парламент» тизими билан интеграциялашган «онлайн» тизимни яратиш белгиланганини айтиб ўтди.

Тадбир якунида устувор лойиҳа ва дастурларни биргаликда илгари суриш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди ҳамда ўқув курсларининг дастлабки жараёнлари бошланганилиги эълон қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan