Ўзбекистон — Қирғизистон: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Қирғизистон: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Тадбирда икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек жорий йилнинг 26-27 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йилда ўрнатилган. Шундан буён икки томонлама муносабатларни тартибга солишга қаратилган 200 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган. Улар орасида 1996 йил 24 декабрдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2017 йил 5 октябрдаги Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаровлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияни  имзолади. Бу икки томонлама муносабатларга янги маъно беришга қаратилган бўлиб, икки қардош мамлакат ва халқлар манфаатлари йўлидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожланишига хизмат қилади.

Шунингдек, икки давлат ўртасидаги кўп томонлама муносабатлар бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам яхшиланган. Самарали ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади. Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар, доимий мулоқот эса Ўзбекистон — Қирғизистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбарининг Қирғизистонга амалга оширган ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённоманинг борлиги алоҳида қайд этилди.

Сўз олганлар икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Сўнгги йилларда парламентлараро ҳамкорлик анча жонлангани, айниқса, Президентимизнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистонга ташрифи чоғида Олий Мажлис ва Жокоргу Кенеш ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланганидан кейин бу алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия тузилгани, бугунги кунга қадар мазкур Комиссиянинг 2 марта йиғилиши бўлиб ўтгани, жорий йилда эса учинчи йиғилиш бўлиб ўтиши кутилаётгани қайд этилди.

Тадбирда олий даражадаги келишувлар тўлиқ амалга оширилиши учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлиги, жумладан, Парламентлараро комиссия олдида ҳам бир қатор долзарб вазифалар тургани айтилди. Хусусан, ўзаро муносабатларнинг ҳозирги, жуда ижобий динамикасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Бу борада Президентимизнинг Қирғизистонга амалга оширган ташрифи натижаларидан келиб чиқиб, Парламентлараро комиссия ўз режаларини янгилаш, унга олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назорати механизмларини кучайтиришга қаратилган қўшимчалар киритиши айтилди.

Шунингдек, жорий йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлиши, ушбу сана доирасида ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирларни кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятларни ишга солиш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир доирасида, шунингдек, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Қирғиз Республикаси парламенти” тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди.

Якунда Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқаларининг кейинги босқичида миллий парламент олдида турган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan