Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув марказлари иш бошлади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 29 март куни Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув марказлари очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Тадбирни очиб берган Қонунчилик муаммолари институти директори Фозил Отахонов лойиҳа Президент ташаббусига биноан амалга оширилганини айтди. У давлат раҳбарининг Давлат бошқарув академияси билан биргаликда депутатлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳам фойдадан холи эмаслигини таъкидлади. «Лойиҳа мақсади депутатларга ўз вазифаларини чуқурроқ англатиш ва давлат органларида фаолият юритиш қонун-қоидалари билан таништиришдан иборат», — деди Фозил Отахонов. Шунингдек, курсларга тингловчи депутатлар марказ бошлиғи томонидан тегишли йўналишларда, ишдан ажралмаган ҳолда ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан келишувга мувофиқ тасдиқланишини маълум қилди.

Фото: Давлат бошқаруви академияси ахборот хизмати

Маълумот учун, депутатлар ва ходимлар ўз ҳудудларидаги университетлар қошида малака оширишлари белгиланган.

Фото: Давлат бошқаруви академияси ахборот хизмати

Қонунчилик палатаси депутати Мўътабар Ҳусанованинг ахборот беришича, ўқув курсларининг дастлабки жараёнлари 1 мартдан бошланган, ҳозирда 6184 нафар илк тингловчи депутат 22 майга қадар махсус ишлаб чиқилган дастур асосида ўз малакаларини оширяпти. Шу баробарида у марказларга давлат бошқаруви органлари вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, ёшлар парламенти аъзолари ҳамда журналистлар ҳам тингловчи сифатида жалб этилганини эълон қилди. «Марказлар малакали сиёсий партия депутатлари ва ходимларини тайёрлаш билан бир қаторда 165 нафар илк журналист тингловчиларни ҳам қамраб олди», — деди мутасадди.

Фото: Давлат бошқаруви академияси ахборот хизмати

Лойиҳа давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва донорларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ҳамда хориж тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда тингловчилар малакаси анъанавий ва онлайн дарслар асосида оширилади, кейинчалик режада ўқитувчи сифатида хорижий экспертларни ҳам жалб қилиш кўзда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ННТларнинг парламент мажлисларида иштирок этувчи доимий вакил институти жорий этилиши ҳақида маълум қилинган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда нодавлат-нотижорат ташкилотларини қайта рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилгани ҳақида хабар берилганди.

www.bugun.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan