Ҳар бир демократик давлат ўз тараққиётига бир қанча омиллар асосида эришади ва такомиллашади. Демократлашув жараёни узоқ давом этувчи ҳамда эволюцион хусусиятга эга сиёсий жараён ҳисобланади.
Янги Ўзбекистон барпо этишнинг асосий зарурияти, аввало, давлат ва жамият ҳаётида фуқаролар ва давлатнинг ўзига хос бирдамлиги, фуқаролик жамиятининг барча хусусиятларини ўзида мужассам этиши билан боғлиқ. Бунда тарихий хусусиятлар, миллий қадриятлар ҳамда фуқароларнинг сиёсий онги ва сиёсий маданияти даражаси етакчи аҳамият касб этади. Шу билан бирга, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашнинг асосий шарти сифатида сиёсий институтлар алоҳида ўрин тутади. Маълумки, янги жамиятларни барпо этиш ҳамда сиёсий модернизация жараёнларининг самараси:
фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ва сиёсий маданияти даражасини юксалтириш;
мамлакатда таълим сифати ва аҳоли саводхонлиги даражасини ошириш;
мавжуд сиёсий институтлар фаолияти ва фаоллиги орқали намоён бўлади.
Юқоридагиларнинг амалийлигини таъминлашда ҳар йиллик давлат дастурлари муҳим аҳамият касб этади. Бу йилги давлат дастурининг асосий ва муҳим жиҳатлари, аввало, қўйилган мақсадларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари шакллантирилганлиги билан ажралиб туради. Бу давлат дастурида қўйилган мақсадларни амалга ошириш механизмлари аниқ, пухта эканлиги билан изоҳланади. Уларнинг орасида давлат ва жамиятнинг асосий икки қаноти сифатида сифатли таълим ва давлат бошқаруви соҳасини янада оптималлаштириш масаласи етакчи ўрин эгаллайди.
Давлат дастурида мамлакатимиз таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қуйидагилар назарда тутилмоқда:
таълим сифатини янада яхшилаш механизмларини такомиллаштириш ва бунда илғор соҳа тажрибаларини жорий этиш;
тармоқнинг малака кенгашлари, халқаро экспертлар билан тегишли касб ва лавозимларнинг малака даражаларини қайта кўриб чиқиш ва ривожлантириш;
машғулотларнинг халқаро стандарт классификацияси асосида Миллий классификацияни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда соҳага фуқароларни кенг жалб этиш;
ЮНEСКО тавсиялари асосида профессионал таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик билан биргаликда амалга ошириш;
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 75 минг нафар ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш;
2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Европа касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш (EQAVET, 2015 йил 14 январдан буён фаолият кўрсатади, таркибида Франция, Германия, Россия, Швейцария ва Австрия каби давлатлардан соҳага доир мутахассислари мавжуд) тизими талабларига тўлиқ жавоб берадиган 1 тадан намунавий профессионал таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш;
болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш орқали қамров даражасини 92 фоизга етказиш;
«Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро PISA 2025 тадқиқот дастурида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш.
Эрта ёшдаги болалар таълими сифати ва натижаларини баҳолаш бўйича халқаро MELQO (measuring early learning quality outcomes) баҳолаш тизими асосида (Халқаро стандарт Сифатида ЮНИСEФ томонидан амалга оширилади) «Болаларни эрта ёшдан ривожланиши ва мактабгача таълим сифатини баҳолашнинг миллий тизими»ни жорий этиш. Эътиборлиси, бунда 269 та қисқа муддатли тайёрлов гуруҳлари, 94 та тўлиқ кунлик тайёрлов гуруҳлари, 1384 та мажбурий бепул тайёрлов гуруҳлари, мактабгача таълимнинг муқобил шакллари жорий этилади;
халқаро лойиҳалар доирасида хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мактабгача таълим ташкилотларининг 14 мингдан зиёд ходимларини (40 соатга мўлжалланган) қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитиш;
мактабгача таълим тизимида такомиллаштирилган «Илк қадам» давлат ўқув дастурини амалиётга кенг жорий этиш;
мактабгача таълим ташкилотларини таълим даражасини янада ривожлантиришга қаратилган 25 номдаги ўқув-методик ва дидактик материаллар билан таъминлаш;
жамоатчилик назоратига асосланган ота-оналар учун болалар тарбияси ва таълимига оид Интернет ресурсларини яратиш;
таълимда дуал тизимини кенг жорий этиш, бунда таълим шаклида ўқувчи бир пайтнинг ўзида профессионал таълим муассасасида назарий билимларни олади ва ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб, амалий кўникмаларини мустаҳкамлайди (Германия, Швейцария, Австрия тажрибаси).
Давлат дастуридан кўриш мумкинки, Ўзбекистонда сиёсий бошқарувни янада мустаҳкамлаш сиёсий қарорлар қабул қилишда фуқаролар фаоллигини оширишга доир янги тенденциялар билан кечмоқда ва улар қуйидагилардан иборат:
1. Фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш орқали жойлардаги муаммоларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг сиёсий муносабатларда фаоллигини ошириш;
2. Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича доимий комиссиялар фаолиятини кучайтириш ҳамда уларни парламент билан ўзаро яқинлаштириш механизмларини кенг жорий қилиш;
3. Биринчи марта тажриба тариқасида халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг комиссия раисларини доимий асосда фаолият олиб боришларини ташкил этишни демократик тамойилларни янада мустаҳкамлаш омили сифатида талқин этиш мумкин;
4. Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш;
6. Давлат фуқаролик хизматчиларининг раҳбарлик лавозимларига истиқболли ва салоҳиятли бошқарув кадрларни саралаш ва тайёрлаш бўйича «100 нафар энг илғор етакчи» дастурини йўлга қуйиш;
7. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда ва уни амалга оширишда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари иштирокини таъминлаш;
8. Ҳудудларда «Ҳукумат куни»ни ўтказиш механизми, маҳаллий ва марказий бошқарувнинг ўзаро ва доимий ҳамкорлигини таъминлаш технологиялари жорий этилади;
9. Ўзбекистонда янги сиёсий институт –«Маҳалла назорати» ва «маҳалла раиси сўрови»ни жорий қилиш ҳудудлардаги ижтимоий-сиёсий кайфиятни доимий ўрганиш ва уни ҳал этиш борасида ўзаро ҳамкорликни таъминлашнинг асосий шарти бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Давлат дастури ва унинг муҳокамасида фуқароларнинг иштироки, аввало, уларнинг фаоллиги ва сиёсий дахлдорлик ҳисси юқорилиги билан изоҳланса, иккинчи томондан, бу жамиятда ислоҳотларнинг қанчалик самара беришининг асосий индикатори ҳисобланади. Зеро, жамиятда демократия ва фуқаролик жамияти фуқаро ва давлат манфаатлари бирлашувига боғлиқ ҳолда кечади.
Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти БМТ ўқув маркази раҳбари.