Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувининг долзарб масалалари ва унинг ҳуқуқий асослари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Қашқадарё вилоятининг юридик техникумида ўтказилган Республика илмий-амалий конференция шу мавзуга бағишланди.  

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Қашқадарё вилояти юридик техникуми юридик техникум профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда илмий ҳамжамият вакиллари ва экспертлар қатнашди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходими С.Ишанходжаев “Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро миграция ташкилоти билан халқаро ҳамкорлиги” мавзусида маъруза билан иштирок этди.

Таъкидланганидек, Халқаро миграциявий жараёнларда меҳнаткаш-мигрантлар манфаатларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлардан бири бўлган Халқаро миграция ташкилотининг аҳамияти каттадир. Ушбу ташкилот 1951 йил 5 декабрда Брюсселдаги Миграция масалалари бўйича конференцияда ташкил этилган. Ушбу Ташкилотнинг Конституцияси ва принципларига мувофиқ, унга халқларнинг эркин кўчишига тарафдор бўлган ҳамда бундай эркинликни таъминлаб беришдан манфаатдор бўлган ва бу ҳақда баёнот берган давлатлар аъзо бўлиб кириши мумкин. Халқаро миграция ташкилоти Конституцияси жамиятнинг ривожланиш жараёнларида миграция ролини юқори баҳолаб, ташкилотни вужудга келадиган муаммоларни муҳокама қиладиган, тадқиқот фаолиятини ривожлантирадиган, халқаро маслаҳатлар олиб борадиган ва амалий қарорлар ишлаб чиқадиган умумжаҳон форуми сифатида кўради. Халқаро миграция ташкилотининг асосий мақсади тартибли аҳоли миграциясини азобларсиз таъминлаб бериш ва бу мақсадларга эришиш учун халқаро ташкилотлар, мамлакатлар ҳукуматлари ва ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишдир. Халқаро миграция ташкилоти халқаро ҳамжамиятдаги ўз ҳамкорлари билан ҳукуматлар ва фуқаролик жамиятига кўмаклашиш доирасида кўп мамлакатларда миграциянинг турли йўналишларидаги дастурлар билан бирга, меҳнаткаш–мигрантларга оид тараққиёт мақсадларидаги миграция (яъни, қабул қилиб олувчи мамлакатлар маҳаллий аҳолисининг ривожланиш устуворликлари, эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда давлатларга малакали ишчи кучларининг кириб келишини таъминлаб бериш), техник ҳамкорлик дастурлари (ҳукуматларга, ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотларга миграция соҳасида маслаҳат хизматларини кўрсатиш, ўзгариб бораётган халқаро муҳитда миграция муаммоларини ҳал қилиш учун зарурий кенг қамровли чора–тадбирларни ишлаб чиқиш, миграция масалалари билан шуғулланувчи хизматлар шахсий таркибларини ўқитиш ва уларни қўллаб–қувватлашни амалга ошириш йўли билан давлатларнинг имкониятларини мустаҳкамлаш), тадқиқотларни амалга ошириш ва ахборотларни таҳлил қилиш (миграция муаммоларини муҳокама қилиш учун минтақавий ва халқаро семинарлар ҳамда конференциялар ўтказиш, миграциявий жараёнларнинг сабаблари ва оқибатлари, мигрантларнинг аҳволи ҳамда эҳтиёжларини тадқиқ қилиш, ахборот компанияларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш) каби фаолиятни амалга оширади. Ташкилотнинг таъсис ҳужжати муқаддимасининг I–боби 1–моддасининг б) бандида, қочоқларнинг тартибли кўчишини амалга ошириш, халқаро миграция хизматини муҳтожларга, жумладан, кўчирилган ва бошқа шахсларга ёрдам кўрсатишини амалга ошириш учун, Ташкилот билан тегишли давлатлар ҳамда қабул қилувчи давлат билан тартибли кўчишларига оид келишувларни амалга ошириши мумки, деб қайд этилган.

2016 йилда БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот ўртасида муносабатлар тўғрисидаги битим тузилган. Шу тариқа МХТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаларидан бирига айланди.

2018 йилда Ўзбекистон Миграция бўйича халқароташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди ва МХТ Конституциясини ратификация қилди.

Шунингдек, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида 2021 йил 15 июнда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси билан Миграция бўйича халқаро ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси» изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, академик А.Саидовнинг таъкидлашича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида муҳим тадбирлар амалга оширилди. Жумладан:

— ахборот-таҳлилий йўналишда – «Одам савдосига қарши курашиш ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий тизим таҳлили» якунланди;

— тадбирлар, жумладан, тренинглар йўналишида – жами 6 та қўшма тадбир ўтказилди. Бу тадбирлар доирасида 166 нафар мутахассиснинг касбий малакаси оширилди. Марказ ходимлари Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ўтказилган тадбирларида тренер ва эксперт сифатида ҳам иштирок этган;

— нашрлар йўналишида – «Меҳнат мигрантлари учун одам савдосига қарши курашиш бўйича амалий қўлланма», айни шу мавзуда қорақалпоқ тилида ҳам қўлланма тайёрланган;

— ахборот-ресурс таъминоти йўналишида – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ахборот-ресурс марказида «Одам савдосига қарши курашиш» мавзуида «Ўзбекистон ва БМТ: ўзаро ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт» онлайн илмий-амалий конференция материаллари (2022-йил 29 апрелъ) алоҳида бўлинма ташкил этилган. Ҳозирги кунда «Мигрантлар ҳуқуқлари» бўйича ахборот марказини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда, Ўзбекистонда Халқаро миграция ташкилоти томонидан қуйидаги йўналишларда ишлар олиб борилмоқда:

– Кенгайтирилган йўловчилар маълумоти (API) тизимини жорий этиш иммиграция органларига йўловчиларни олдиндан текширишни ўтказиш ва тезлаштириш, чегара назоратини бошқаришни яхшилаш ва хавфсиз, тартибли ва ҳуқуқий миграцияни осонлаштриш;

– Ўзбекистонда потенциал меҳнат мигрантлари учун эксперементал малака ошириш марказини ташкил этиш. Марказ потенциал мигрантлар учун жўнаб кетишдан олдин хавфсиз ва онгли танлов қилишга ундаш учун уларни малака ошириш курслари ва сафар олди орентация машғулотларини ташкил этиш;

– COVID-19 ва бошқа юқумли касалликларга жавоб бериш учун соғлиқни сақлаш қоидаларига мувофиқ ўтказиш пунктларида соғлиқни сақлаш ва эпидемиологик назорат ва маълумотлар йиғиш бўйича тренерларни тайёрлашни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Республик илмий-амалий конференция якунида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, ҳуқуқий таълим ва тадқиқот ишларини янада ривожлантириш бўйича фойдали тавсиялар берилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan