Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг видеоконференцалоқа тарзида йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Парламент комиссияси ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этди.

Дастлаб йиғилишда Парламент комиссиясининг ўтган 2020 йилдаги фаолияти ҳақида қисқача ҳисобот берилди.

Хусусан, Парламент комиссияси аъзолари иштирокида Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир биринчи Ихтиёрий миллий шарҳи лойиҳаси ишлаб чиқилгани, мамлакатимизда илк маротаба барқарор ривожланиш бўйича олий даражадаги сиёсий форумга ушбу шарҳни тақдим этган 49 та давлат сафидан жой олгани қайд этилди.

Қолаверса, барқарор ривожланиш соҳасидаги озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан республиканинг 7 та ҳудудида 3 та миллий мақсад, унинг 30 та вазифаси ҳамда 55 та индикатори бўйича ўрганишлар олиб борилди.

Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, ҳукумат аъзоларига Сенат томонидан 13 та, Қонунчилик палатаси томонидан эса 14 та парламент сўрови, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига Олий Мажлис палаталари томонидан 338 та депутат ҳамда 388 та сенатор сўрови юборилди.

Ўрганишлар давомида Парламент комиссияси аъзолари томонидан “Темир дафтар”га киритилган мингдан ортиқ хонадонларга ташриф буюрилди. Аҳоли томонидан қарийб 300 га яқин масала кўтарилиб, уларнинг 74 фоизи жойида ҳал этилди.

Йиғилишда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сонли қарорининг ижро этилиши кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.Қўчқоровнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарорида вазирлик ва идоралар ҳамда ишчи гуруҳларнинг миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда натижаларга эришиш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш белгиланган. Бироқ фақат Давлат статистика қўмитаси раисининг ахборотини эшитиш билан чекланилган.

Шунингдек, қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси” 3 та йўналиш ва 15 та банддан иборат бўлиб, унинг 10 та банди бажарилган ва 5 таси  бажарилмаган.

Бундан ташқари, йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш  вазирининг биринчи ўринбосари С.Холхужаевнинг ахбороти эштилди.

Қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг 7,5 фоизи, Сурхондарё вилоятида 9,6 фоизи камбағал ҳисобланади. Қашқадарё вилояти камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудудга киритилган. Унинг 300 минг аҳолиси яъни 9 фоизи камбағалдир.

Яна бир жиҳат. Бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари 2020 йилда 2019 йилдагига нисбатан кўпайиб, Қорақалпоғистон Республикасида 192 та ҳолатдан 223 тага, Қашқадарё вилоятида 194 та ҳолатдан 195 тага ортган. Талон-торож қилинган маблағлар ҳажми биргина Қашқадарё вилоятида 5,5 бараварга ортган.

Ушбу масалалар юзасидан тегиши вазирлик ва идоралар мутасаддилари маълумот берди.

Шунингдек, йиғилишда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзер, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска қатнашиб, сўзга чиқди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan