Ўзбекистонда аёллар раҳбарлигидаги корхоналарни молиялаштириш дефицити жуда ҳам катта бўлиб, бугунги кунда 915 млн долларни ташкил этмоқда.
Бу ҳақда, жорий йилнинг 27 март куни Тошкентда Аёллар тадбиркорлиги бўйича миллий режалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маълум қилинди. Давра суҳбатида, шунингдек, WAGE дастурининг Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқот натижалари маълум қилинди.
WAGE, бу – минтақавий дастур бўлиб, Марказий Осиёдаги аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг дастурларини тузишга қаратилган ва аёллар бизнес бирлашмалари салоҳиятини кучайтириш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш, зўравонликка қарши курашиш каби мақсадларни кўзда тутган.
WAGE дастури ижроси Ўзбекистонда 2022 йил бошидан Британия менежмент университети ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича бирлашмалар, тадбиркор аёллар уюшмалари, фуқаролик жамияти, илмий муассасалар ва таҳлил марказлари ва шу каби 27 та ташкилот вакилларидан иборат экспертлар кенгаши тузилган. Мазкур Кенгаш томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 700 нафарга яқин хотин-қиз учун маслаҳат учрашувлари ташкил этилган.
Шунингдек, Экспертлар кенгаши томонидан Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг миллий кун тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, тадбир давомида ушбу кун тартибидаги масалалар ва белгиланган 4 та устувор йўналишлар тавсия этилаётгани айтилди.
Тадбиркор аёллар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш ва уларнинг молиялаштириш имкониятлари, аёллар ва қизларнинг бизнес ва IT кўникмалари, билим ва хабардорликларини ривожлантириш стратегиясини такомиллаштириш, гендер зўравонликка барҳам бериш каби йўналишлар шулар жумласидан бўлиб, ҳар бир йўналишнинг ўзи бир қанча вазифаларни қамраб олган.
Яқин келажакда «Аёллар тадбиркорлиги» кун тартибидаги ана шу тавсияларнинг ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.
Ҳозирги пайтда Экспертлар кенгаши аъзолари томонидан молиявий саводхонлик, Ахборот технологиялари, лойиҳаларни бошқариш асосларини ўргатиш бўйича тренинглар ўтказилмоқда. Ушбу тренинглар асосида келгусида аёллар учун интерактив электрон платформа ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Давра суҳбати давомида, шунингдек, ОАВ ходимлари ҳам мавзу доирасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
«Афсуски, бугун кўп ҳолларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва шу каби бошқа ҳар қандай масалалар юзасидан айрим ташкилотларга мурожаат қилиб келадиган аёлларга чиройли муомала маданияти билан хизмат кўрсатилмаяпти. Айрим ташкилот, идоралар борки, аёлларга жуда қўпол муносабатда бўлишади, бақиришади, қўрс муомалада бўлишади. Натижада аёллар ўз ҳуқуқини талаб қилиб боришга ҳам безиб қолган», дейди тадбир иштирокчиларидан бири.
Журналистлардан бири эса: “Негадир Ўзбекистонда психологларга мурожаат қилиш, гўёки, психиатрга мурожаат қилишдек таассурот уйғотади. Масалан, кучли стрессда бўлган аёлда жамиятда ўз ўрнини топиш, ҳуқуқий саводхонлиги ёки билимини оширишга бўлган хоҳишнинг туғилиши қийин. Шу боис уларга руҳий далда ва мотивация бериш, ўзига бўлган ишонч ҳиссини ошириш каби тушунчаларни бериш орқали нафақат тадбиркорлик, балки исталган соҳада аёлларни фаол меҳнат қилишга йўналтириш мумкин. Уларни оилада яхши она, яхши турмуш ўртоқ, жамиятда фаол ва «лидер» аёл бўлишга психологлар ёрдамида ундаш мумкин», дея маҳалла, туман, шаҳарларда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини оширишда психологларнинг ўрни катта эканини таъкидлади.
«Бунинг учун жойларда кучли ва малакали психологлар ёрдамини ташкил этиш мумкин ва психологларни етарли маош билан ҳам таъминлаш лозим», дея таклиф билдирилди тадбирда.
“Ўзбекистонда аёллар раҳбарлигидаги корхоналарни молиялаштириш дефицити жуда ҳам катта бўлиб, 915 млн долларни ташкил этаркан. Бу нима дегани? Бу биз бу соҳада янада яхшироқ ишлашимиз кераклигини билдиради” дейди, Халқаро “Тадбиркор аёллар” ассоциацияси директори Гулнора Махмудова.