Ёшлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари: ахборот истеъмоли маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама марказида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Инновацион ривожланиш, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ҳамда бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда “Ёшлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари: ахборот истеъмоли маданиятини юксалтириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ва уларда ахборот истеъмоли маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий база яратилган.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш доирасида 2019-2021 йилларда 100 га яқин туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилган.

Жорий йилдаги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам ёшларда АКТдан самарали фойдаланиш салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига 300 минг ўғил-қизни жалб этиш белгиланган. Мазкур лойиҳа доирасида uzbekcoders.uz ўқув портали орқали энг машҳур тўртта талабгор мутахассисликлар, жумладан, маълумотларни таҳлил қилиш, Android иловалари, веб-иловалар ва дастурларни тўлиқ ишлаб чиқиш бўйича бепул видео курслар ўзбек тилида субтитрлар билан тақдим қилинган.

Жойларда IT парклар, рақамли технологиялар ўқув марказлари, Wi-Fi ҳудудлари, кутубхоналарда QR-код ёрдамида электрон ресурслардан фойдаланиш тизими яратилган.

Давра суҳбатида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидланди.

Хусусан, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида болаларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборот таснифланган. Бироқ шундай ахборотни тарқатганлик учун жавобгарлик, таъсирчан чоралар кўриш аниқ белгиланмаган.

Аксар ёшлар Интернетдан уяли алоқа воситалари ёрдамида фойдаланади. Лекин мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида уяли алоқа талаб даражасида эмас ва бу ҳолат онлайн таълим жараёнини ташкил этиш имконини чеклайди.

Таълим муассасаларининг АКТ машғулотларидаги материаллар асосан ахборотни ёдлаш ва баён қилишга қаратилганлиги ёшларда танқидий фикрлаш, ахборотни мустақил излаш ва таҳлил қилиш кўникмалари ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.

Ёшлар орасида компьютер ва мобил телефонлар, интернет ўйинларига ва ижтимоий тармоқларга тобе бўлиб қолиш, Tik-Tok каби ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиш учун одоб-ахлоқ мезонларига зид, ғайриижтимоий ҳаракатларни содир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Ёшларнинг вертуал оламда кўп вақт ўтказиши уларни реал ҳаётдан узилиб қолишига, ҳаракатсизликка, маҳдудликка, худбин бўлиб вояга етишига олиб келади.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ота-оналар фарзандлари интернетдан нима мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиб бормайди. Ёшлар тегишли кўникма ва иммунитетга эга бўлмасдан кенг ахборот майдонида турли кўринишдаги салбий маълумотлар таъсирига тушиб колишмоқда.

Таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг маълум бир қисми замонавий АКТдан ўқув жараёнида етарли фойдаланиш малакасига эга эмас. Талабалар учун ташкил қилинган www.vuz24.uz расмий веб-сайти контенти етарли даражада бойитилмаган. Хусусан, сайтнинг “Беш ташаббус”,  “Мультимедиа” бўлимларида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.

Қайд этилган муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш асосида давра суҳбати иштирокчилари томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan