2021 йил 30 март куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг АҚШ ва Хитойдаги дипломатик миссиялари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Эшитувлар мазкур шерик-мамлакатлар билан ҳамкорликка доир “йўл хариталари” қоидаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида ташкил этилганлиги қайд этилди.
Тадбирда Сенат аъзолари, қатор тегишли вазирлик ва идоралар, давлат компаниялари раҳбарлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари, маҳаллий ҳокимият органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистоннинг АҚШ ва Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари томонидан “йўл хариталари”ни амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар, шу жумладан экспортни кенгайтиришга, республика ҳудудларига инвестицияларни жалб қилишга ва сайёҳлик оқимини кўпайтиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этилди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида 2020 йилда расмий делегацияларнинг 12 та ўзаро ташрифи, 40 та турли тадбир ташкил этилгани ва 100 дан ортиқ музокаралар ўтказилгани таъкидланди. 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдорда моддий-техник кўмак маблағлари жалб қилинди.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчихонаси томонидан икки томонлама сиёсий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган олий ва юқори даражадаги 33 та тадбир ташкил этилди. 2020 йил натижалари кўрсатганидек, элчихона кўмагида Хитойнинг 728,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестициялари жалб қилинди.
Очиқ ва мазмунли муҳокама доирасида келишувларни амалга ошириш натижалари ва дипломатик миссияларнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди. Шунингдек, республиканинг иқтисодий манфаатларини илгари суришдаги тизимли муаммолар кўрсатилди. Мамлакатимиз ҳудудларида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга эътибор қаратилди.
Мажлисда элчихоналарнинг сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги бир қатор йўналишлардаги самарали фаолияти қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон минтақаларида амалга оширилган бир қанча инвестиция лойиҳалари бўйича амалий натижалар йўқлиги, тузилган савдо шартномалари кечиктириб бажарилиши таъкидланди.
Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар ва ўз фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Мажлис якунлари бўйича Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди