Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилишда парламентларнинг роли” мавзуида иккинчи халқаро онлайн форум бўлиб ўтди.
Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган ушбу анжуман Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ва Буюк Британиянинг “Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси” нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ушбу форум Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида тайёрланган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ва унинг концепцияси муҳокамаларига бағишланди.
Буюк Британия парламенти Лордлар палатасининг аъзоси, “Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси” нодавлат ташкилоти эксперти Баронесса Элисон Сатти, Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот ва Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов форум иштирокчиларини самимий қутладилар.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Акмал Саидов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Анжуман доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси Абдулло Аслонов Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси тўғрисида ахборот берди.
Қайд этилганидек, Конвенция лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилгач, кенг халқаро муҳокама учун тақдим этилди. Дастлаб уни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги доирасида 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчилари кўриб чиқдилар.
Сўнгра лойиҳа 2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар демократик жамиятлар ва барқарор ривожланишни барпо этишда ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг муҳимлиги” мавзусидаги Олтинчи халқаро семинари иштирокчиларига муҳокама учун тақдим этилди. Мазкур семинарнинг якуний ҳужжати сифатида қабул қилинган Тошкент декларациясида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишнинг зарурати ва аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Янада муҳими, 2020 йил 23 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти халқаро ҳамжамиятни БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш борасидаги Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Бунга қадар, яъни 2020 йил 12-13 август кунлари “Ёшлар — 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳамда айни йўналишдаги халқаро ва минтақавий механизмларни такомиллаштиришга доир бир қатор муҳим таклифлар билдирилгани ҳам қайд этилди.
Ёшлар ҳуқуқларига оид иккинчи парламент форуми ушбу халқаро анжуманнинг узвий давоми бўлди. Форумда иштирок этган Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот янги Ўзбекистоннинг ёшлари дунёга янгича кўз билан боқаётганини эътироф этар экан, жумладан, ёшлар бошқа масалалар қатори атроф-муҳит ҳимоясига ҳам устувор даражада эътибор қаратишлари зарурлигини қайд этди.
Ўз навбатида, Лордлар палатаси аъзоси Баронесса Элисон Сатти Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Ёшлар парламентлари ташкил этилганини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, бу қадамлар қонун ижодкорлиги жараёнига кўпроқ ёшларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиргани билан жуда муҳимдир.
Буюк британиялик экспертлар хорижий давлатларнинг ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги энг яхши амалиётлари ҳақида тўхталдилар. Хусусан, Буюк Британиянинг бу борадаги тажрибаси тадбир иштирокчилари эътиборини жалб этди.
Шу билан бирга, форумда парламент тегишли қўмиталарининг ёшлар муаммоларини ҳал қилиш учун улар билан ишлашга жиддий эътибор қаратиш, ёшларнинг инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш бўйича илғор тажрибаларини баҳам кўриш, жорий йил 12 августда ўтказилиши режалаштирилаётган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясига тайёргарлик кўриш каби масалалар ҳақида ҳам сўз борди.
Якунда Ўзбекистон — Буюк Британия ҳамкорлигини янада кенгайтиришда парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги яна бир бор қайд этилди.