17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда 65 нафар иштирокчи, жумладан, 16 нафар миллий ва 23 нафар хорижий экспертлар қатнашди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, сиёсий партиялар фракциялари аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Польшанинг собиқ Президенти, газ қазиб чиқарувчи «Busirma Group» компанияси Директорлар кенгаши аъзоси А.Квасьневский, словениялик сиёсатчи, Словениянинг собиқ Президенти Б.Пахор, британиялик сиёсатчилар – Буюк Британия парламенти аъзолари А.Хью Кэрнс, А.Гэвин, Лордлар палатаси аъзоси, Буюк Британия парламентининг собиқ аъзоси Ж.Уортон, Европа Парламент Ассамблеяси Кенгашининг Европа Консерватив партияси бош котиби, НАТО Парламент Ассамблеясида консерваторлар бош котиби Т.Ван Дейк, европалик ҳуқуқшунос олим, «Spetch & Partner» юридик фирмаси ҳамкори Л.Шпехт, Sciences Po сиёсий тадқиқотлар институти профессори (Париж) А.Хелена Мария, Корея Университети ижтимоий масъулият институти директори Жэ Хёк Шин, халқаро эксперт, Венеция Комиссияси аъзоси, иқтисод фанлари доктори, профессор Г.Папуашвили, Нагоя иқтисодиёт университети профессори, юридик фанлар доктори, профессор К.Ичихаши, Боязид Йилдирим университетининг ҳуқуқ факультети доценти С.Татар, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик миллий маркази директори, юридик фанлар номзоди И.Саидзода, Қозоғистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Адолат академияси ректори, юридик фанлар номзоди З.Баймолдина, Қирғиз Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норма ижодкорлиги ва қонун устуворлиги Институти директорининг ўринбосари Р.Жайлобаева ҳамда бошқа бир қатор хорижий ва халқаро илмий-тадқиқот институтлари олимлари, экспертлари ва сиёсатчилар қатнашди.
Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов кириш сўзи билан очиб берди ва олиб борди.
А.Саидов ўз сўзида Ўзбекистон жуда катта сиёсий, тарихий жараён остонасида тургани, мамлакат Конституцияси илк бор референдум орқали қабул қилинаётганини эътироф этиб, конституциявий ислоҳотларнинг ўзига хос хусусиятлари, бу борада олиб борилган ишлар тўғрисида қисқача тўхталди. Янгиланаётган Конституция матни бир гуруҳ олим, мутахассислар томонидан эмас, балки халқнинг, кенг жамоатчиликнинг таклифи ва фикри асосида ишлаб чиқилгани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганини алоҳида қайд этди.
Халқаро илмий-амалий конференцияда хорижий меҳмонлар ва иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти етказилди. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмуни-моҳияти ва ундаги янги нормаларнинг аҳамияти ҳақида батафсил тушунча берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О.Тожиев «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни ва роли» мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, шунингдек, Конституциявий комиссия томонидан амалга оширилган ишлар, конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни такомиллаштириш борасида миллий парламент томонидан олиб борилган ишлар тўғрисида батафсил маълуот берди.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси С.Ҳамидуллаев мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантиришда ва амалга оширишда парламентнинг самарадорлигини ошириш мавзусида сўз юритди. Янгиланаётган Конституция миллий парламентга тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, глобал ва минтақавий миқёсда барқарор ривожланишга эришиш йўлида халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчиси сифатида жаҳон майдонида миллий манфаатларни илгари суриш учун кенг имкониятлар очишини алоҳида таъкидлади.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров «Иқтисодиётни эркин ривожлантириш, соғлом рақобат ва тадбиркорликнинг конституциявий тамойиллари» мавзусида маъруза қилди. У янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси иқтисодиётни эркинлаштриш, тадбиркорликни ривожлантириш, соғлом рақобатни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш бўйича янги қоидаларнинг мустаҳкамланаётгани ушбу соҳаларда конституциявий кафолатлар яратилишига хизмат қилишини таъкидлади.
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Ш.Жолдасованинг фикрича, «янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар қонунчилик таклифини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги белгиланаётгани ҳар бир фуқарога конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, мамлакат қонунчилик тизимини ривожлантириш борасида ўз фикрни билдиришга хизмат қилади.
Халқаро илмий-амалий конференция қизғин мунозараларга бой бўлди.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси М.Ходжаева янгиланаётган Конституцияда экологик ҳуқуқлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга катта эътибор қаратилгани ва бу йўналишда алоҳида боб киритилаётгани эътирофга сазовор эканини айтди.
ЎзХДП фракцияси аъзоси Ф.Шариповнинг таъкидлашича, янгиланаётган Бош қомусимизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олмоқда. Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробар кўпайтирилаётгани, Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинаётгани, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб- қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилаётгани «Инсон қадри учун» деган тамойил амалда ўзи ифодасини топаётганидан далолат беради.
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси Г.Агзамова янгиланаётган Конституциямизда суд-ҳуқуқ соҳасига доир янгидан-янги нормалар, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган янгиликлар акс эттирилаётгани, шу жумладан «Хабеас корпус» институти ҳамда «Миранда қоидаси» каби халқаро мезонлар сингдирилаётгани фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаб, одил судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилишини қайд этди. Бу эса пировардида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янги босқичга кўтариши шубҳасиздир.
Конструктив руҳда ўтган конференцияда хорижлик қатнашчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва муносабатини билдирдилар.
Хусусан, Корея Университети ижтимоий масъулият институти директори Жэ Хёк Шин Ўзбекистон халқи учун муҳим ижтимоий-сиёсий жараён арафасида ўтказилаётган ушбу анжуманда иштирок этишни шараф деб билишини таъкидлар экан, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар янгиланаётган Конституцияда яхши ёритилганини қайд этди. Янги Конституция лойиҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт ва бозор шароитларида иш олиб бориш масалаларига катта эътибор қаратилганини эътироф этиб, ушбу жиҳатлар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиётида аҳамияти катта бўлишига умид билдирди.
Шунингдек, Жэ Хёк Шин янгиланаётган Конституцияда парламент ваколатлари кенгайтирилаётгани, жумладан унинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари кучайтирилаётгани, Президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилаётганини муҳим демократик ўзгаришлар сифатида баҳолади.
Қирғиз Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норма ижодкорлиги ва қонун устуворлиги институти директорининг ўринбосари Р.Жайлобаеванинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Конституциянинг янги лойиҳасини тайёрлашда етарлича вақт ва имконият бўлди. Конституциявий ислоҳотларни юқори даражада ташкиллаштириш, аҳолининг кенг қатламидан фикрларни тўплаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини дунё мамлакатлари ўрганса арзийди.
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида иқтисодий блок масалалари тўлиқ акс этган. Ҳаттоки монопол фаолиятни чекловчи тўғридан-тўғри ишлайдиган норма борлиги эътиборга лойиқ. Р. Жайлобаева, жумладан: «Янгиланаётган Бош қомусингизнинг давлат инвестициявий муҳитни ривожинлантириш чораларини кўриши назарда тутилган 67-моддаси ҳам алоҳида диққатимни тортди. Ўзбекистондаги мазкур конституциявий ислоҳот мамлакатнинг иқтисодий тараққиётини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришига ишонаман», деди.
Лордлар палатаси аъзоси Ж.Уортон фикрича, жаҳон мамлакатларининг конституциявий тажрибасида ажойиб деб айтса бўладиган аниқ бир тизим ҳам, бутун дунёга тўғри келадиган Конституция ҳам мавжуд эмас. Дунё тараққиёти ўзгарар экан, парламентлар, қонунлар ҳам ўзгариши керак.
«Одатда ҳукуматнинг муайян масалалар бўйича қарор қабул қилишда ёки баъзи бир қонунларни қабул қилишда аҳолини ишонтириши жуда қийин кечади, — деди Ж.Уортон. — Шу нуқтаи назардан, менга Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси бўйича қилинган ишлар ҳақида билиш жуда қизиқ бўлди. Келтирилган баъзи статистика рақамлари мени ҳайрон қолдирди.
Конституциявий ислоҳотлар жараёнига аҳолини жалб қилишда замонавий коммуникация воситаларидан ва инструментлардан жуда унумли фойдаланилибди. Бу иш, шу жумладан телеграм каналлари орқали ҳам амалга оширилгани одамларга қулайликяратган.
Яна айтишим керакки, бу конституциявий ислоҳотларда аҳолига энг асосий эътибор берилган, диққат марказида инсон турибти. Аҳолининг кундалик турмуши ва эҳтиёжлари инобатга олинган. Шу жиҳатдан, янгиланаётган Конституцияда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор нормаларнинг акс эттирилганини олқишлайман. Қонун устуворлиги, саёҳат, уй-жойга эга бўлиш, инсонлар ҳаётини яхшилашга қаратилган бошқа нормалар Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман».
Анжуман иштирокчилари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар юқори баҳоланди. Янгиланаётган Конституцияни қабул қилиш масаласи бевосита Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродасига ҳавола этилаётганлиги том маънодаги демократик қадам, халқ ҳокимиятчилигининг амалий ифодаси бўлишига ишонч билдирилди.
Меҳмонлар янгиланаётган Конституцияни қабул қилиш масаласини референдумга, яъни халқ овозига чиқариш йўли билан ҳал этиш борасида Ўзбекистоннинг тутган йўлини қўллаб-қувватлаб, алоҳида эътироф этдилар.
Қатнашчиларнинг фикрича, янгиланаётган Конституция «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш ҳамда давлат ва фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.